Меркел: Россия қўшни давлатлар ишига аралашмаслиги керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption "НАТО Полша ва Болтиқ бўйи давлатларини агрессор билан яккама-якка қолдирмайди"

Олмония канцлери Ангела Меркел Россияни Овроиттифоққа қўшилмоқчи бўлган постсовет ҳудудидаги давлатлар, хусусан, Украина, Гуржистон ва Молдованинг ички ишига аралашмоқда, деб айтган.

"Молдова, Гуржистон ва Украина - бу бизнинг шарқдаги уч қўшнимиз Оврўпо Иттифоқига қўшилиш ҳақида мустақил қарорга келганлар", - дейди Меркел хоним "Welt" рўзномасидаги интервюсида.

Россия бу уч мамлакат учун муаммо пайдо қилмоқда,- дейди у Приднестровье, Абхазия ва Жанубий Осетиядаги чўзилиб келаётган можаролар ва Донбассдаги урушга ишора қиларкан.

Ғарб ва расмий Киев Россияни Украина шарқидаги бўлгинчиларни дастаклашда айблайди.

Бироқ Москва Украина шарқидаги можароларда Россия кучлари иштирокини ҳамиша инкор қилиб келади.

Меркел шунингдек, 2008 йилда Гуржистон ва Украинани НАТО сафига қўшиш жараёни бошланмаганини тўғри деб ҳисоблашини айтган. НАТОнинг Бухарестдаги саммитида Олмониянинг фаол иштироки билан шундай қарор берилган эди.

Бироқ Олмония канцлери НАТО шарқий Оврўпонинг ўз сафига кирган Полша ва Болтиқ бўйи давлатларини ташқи тажовуздан ҳимоя қилишни зиммасидаги мажбурият деб билишини таъкидлаган.

"Болтиқ бўйида уруш эҳтимоли ҳақида гапиришга ҳеч бир асос йўқ. Лекин Шимолий алянс шартномасининг "бирор бир аъзосига ҳужум бошқаларига ҳам хатар" сифатида қараш ўз кучида қолади", деган Меркел хоним.

Москва НАТОнинг шарққа қараб кенгайишини Россияга нисбатан хавф сифатида қарайди.

Россия Президенти матбуот сўзчиси Дмитрий Песков Украинадаги вазиятга доир Би-би-сига берган интервюсида таъкидлашича, "Биз Украинанинг НАТО сафига қўшилиши ҳақида ҳеч қандай фикр йўқлигига юз фоиз амин бўлишимиз керак. НАТО бизнинг чегараларимизга томон бошқа яқинлашмаслиги ва кучлар мувозанатига путур етказиш ҳаракатларини тўхтатиши ҳақида эшитишни хоҳлаймиз".

Бундан олдин Ангела Меркел Бундестагдаги чиқишида Россиянинг Украинага қарши амаллари Оврўпода ўрнатилган тинч тартибни таҳдид остига қўйиши ва халқаро қонунларни бузишини айтганди.

Австралияда ўтган "Йирик йигирмалик" саммитида Оврўпо давлатлари раҳбарлари Россия Украинадаги вазиятни "беқарорлаштириш"ни тўхтатмаса, унга қарши янги санкциялар киритилиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Москва Украина шарқида тез орада батамом оташкесимга эришилишига умид қилади, деди 6 декабрда Франция Президенти билан Внуково аэропортида музокара ўтказган Владимир Путин.

Қозоғистон сафаридан қайтишда Москвага тўхтаб ўтган Франсуа Олланд россиялик ҳамкасби билан Украинадаги вазиятни муҳокама этган.

"Украина инқирозидан ҳам украин халқи, ҳам Оврўпо Иттифоқи, ҳам Россия жабр кўради", деган жаноб Олланд.

Россия оммавий ахбороти воситалари ёзишича, жаноб Олланднинг Москвага тўхтаб ўтишига Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев туртки берган.

Жаноб Назарбоевнинг сўзларига кўра, Россиядек катта давлатга дунё жамоатчилиги етарли баҳо бериши керак.

"Бу ҳудуди бўйича энг катта ва бой мамлакат. Санкциялардан албатта у зиён кўради, лекин газ, нефт ва бошқа нарсалар Россиянинг ўзида қолади", дея таъкидлайди Қозоқ Президенти Украина инқирозини биргаликда ҳал қилишга чақириб.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ