Оврўпо Иттифоқи Туркияни ИДга қарши курашга қўшилишга ундамоқда

Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича раҳбари Федерика Могерини Суриядаги Исломий Давлат жангариларига қарши курашда тўла иштирок этиш чақириғи билан Туркияга келган.

Могерини хоним ва бошқа ОИ расмийлари Туркияни ўз чегаралари орқали юз бераётган хорижий жангарилар оқимини тўхтатишга ундайдилар.

Пойтахт Анқарадан ёзган твитида у кун тартибида Туркиянинг ОИга қўшилиши масаласи ҳам борлигини айтди.

Могерини хоним, Анқара ва Москва ўртасидаги муносабатлар илиқлашиб бораётганига қарамай, Туркияни Россияга қарши санкцияларни дастаклашга чақиради.

Би-би-cи билан суҳбатда Могерини хоним Суриядаги инқирозни Брюсселдан туриб ҳал этиб бўлмаса-да, Оврўпо Иттифоқи муайян ролни ўйнаши кераклиги ва "бу курашда етакчи ўринни эгаллайдиган ўйинчиларни рағбатлантириши" лозимлигини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оврўпо Иттифоқининг истагига биноан, Туркия хорижий жангариларни аниқлаши ва ҳаво кучларига ҳар қандай таҳдид борасида огоҳлантириш бериши керак.

Шунингдек, Туркиядан Исломий Давлат ва бошқа Яқин Шарқ жангари гуруҳларига қарши курашга кўпроқ ёрдам бериши кутилади. Бу ташаббуснинг мақсади минтақага янги хорижий курашчилар келишини тўхтатишдир.

Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига аъзолиги масаласи 2005 йилдан бери муҳокама этилмоқда, аммо бўлинган Қибриз ороли муаммоси ва қатор ОИ аъзоларининг қаршилиги туфайли оқсамоқда.

Минглаб оврўполиклар ИД ва бошқа жангари гуруҳлар сафига қўшилиш учун Сурияга сафар қилишган ва улар учун Туркия энг асосий транзит йўлидир.

Туркия фикрида, Оврўпо Иттифоқи ҳукуматлари эҳтимолий жангариларни аввалданоқ тўхтатиш йўлида қаттиқроқ ишлаши керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002