БМТ мисли кўрилмаган миқдордаги ёрдам пулини сўрамоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йилга режалаган кўмак лойиҳалари учун жаҳон ҳамжамиятидан 16,4 миллиард доллар сўраб чиққан. Бу миқдорнинг 7,2 миллиарди суриялик қочқинларга ёрдам бериш учун ишлатилиши кутилади.

Ўтган йили БМТ 13 миллиард доллар сўраб мурожаат этганди, шундай экан, янги рақам БМТ учун рекорд кўрсаткичдир.

Кўмак ташкилотлари бу йилги инсонпарварлик амалиётлари учун пул етмай қолаётганини айтишаяпти.

Ўтган ҳафта Жаҳон Озиқ-овқат Ташкилоти суриялик қочқинларга етказиб берадиган емаклари миқдорини кесишга мажбур бўлаётганини билдирди.

Ўзининг янги мурожаатида БМТ Сурия ичра кўчишга мажбур бўлган қочқинлар учун 2,8 миллиард доллар ёрдам сўраган. У қўшни мамлакатларда рўйхатдан ўтган уч миллиондан ортиқ қочқин учун ҳам 4,4 миллиард доллар сўраяпти.

Ўтган йили БМТ кўмагининг аксар қисмини Сурия, Жанубий Судан ва Марказий Африка Республикаси олди.

Ундан бери Украинадаги можаро, Ироқ ва Сурияда Исломий Давлат жангарининг гуруҳининг тарқалиши ва Эбола эпидемияси кўмакка бўлган заруратни янада оширган.

БМТнинг инсонпарварлик ёрдами бўйича раҳбари Валери Амос Женевадаги журналистларга: "Биз мисли кўрилмаган даражадаги муҳтожликларга юз тутаяпмиз", - деб айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002