"АҚШ санкциялари Россия ҳукуматини ўзгартиришни мақсад қилган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

АҚШнинг Россияга қарши жазо чораларидан асл мақсад Кремлдаги ҳукуматнинг ўзгариши учун шароитларни яратишдир. Россияда Ташқи ишлар вазирининг муовини Сергей Рябков айнан шундай баёнот билан чиқди.

"Биз бу фикрни охирги пайтда очиқча билдириб келаяпмиз, лекин АҚШ маъмурияти уни рад қилишга уринаётган бўлса-да, барча далил-исботлар бизда шундай ҳолат юз беришига олиб келувчи манзарани яратиш Вашингтоннинг энг устивор масалаларидан бирига айланганига ишора қилмоқда", - деди Рябков жаноблари Давлат Думасида бўлиб ўтган АҚШ-Россия муносабатлари борасидаги мажлисда.

Рябковнинг айтишича, АҚШ "аксилроссия мавқеи"ни ушлаб туриш йўлида ўз иттифоқчиларига босим ўтказишда давом этмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича мулозими Константин Долговга кўра эса, АҚШ ўз миллий хавфсизлигини баҳона қилиб, бутун дунё бўйлаб Россия фуқароларига "ов" қилишни бошлаган.

Айни дамда Долгов Россия бунга жавобан "АҚШ фуқароларини ўғирлаш"ни бошламаслигини айтди.

"Совуқ урушнинг иккинчи сони"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Думанинг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Алексей Пушков бугунги кунда АҚШ ва Россия ўртасида мавжуд бўлган вазиятни "Совуқ урушнинг иккинчи сони" деб таърифлади.

"Кўплар "совуқ уруш" иборасини қўлламасликка уринишаяпти, чунки ҳеч ким узоқ муддатли зиддиятни истамайди. Бироқ, бугунги бўлаётган воқеалар совуқ урушни жуда қаттиқ эслатмоқда. Бу факт", - деди у Думадаги чиқишида.

Пушковга кўра, Россия ва АҚШ ўртасидаги инқироз анчадан бери етилиб келаётганди. Унинг фикрида, Барак Обама маъмурияти 1950 йилларда ишлаб чиқилган сиёсат, яъни Россияни жиловлаш ва ихоталаб қўйиш сиёсатига содиқдир.

Санкциялар

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи жорий йилнинг март ойида Россия Қримни ўзига қўшиб олиши ортидан санкциялар тадбиқ қилишди.

Кўп ўтмай АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Россияни Украина шарқидаги можарога аралашишда айблаб, янги жазо чораларини киритишди.

Россия ҳукумати Донбассдаги можарога ҳарбий жиҳатдан бевосита қатнашаётгани ва бўлгинчиларга ёрдам бераётганини рад қилади.