Амнести Интернешнл : Чеченистондаги ёнғин текширилиши керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жангариларнинг оилаларига қарашли олтита уйга ўт қўйилган.

Халқаро "Amnesty International" ташкилоти Чеченистонда камида бешта уйнинг ёқиб юборилгани ҳодисасини текширишга чақирмоқда.

Ёндирилган уйлар ўтган ҳафта Грознийда содир этилган ҳужумга масъул жангариларнинг яқинларига тегишли уйлар бўлган.

Халқаро ташкилот ёнғинни бўлгинчи-жангарилар оилаларига нисбатан "оммавий жазо" ҳаракати деб атаган. Чеченистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларининг мурожаатига ҳозирча муносабат билдирмаган.

4 декабр куни Грозний шаҳрига қуролли жангари гуруҳ бостириб кириб, хавфсизлик ходимлари билан отишма содир бўлган.

Ҳодисага масъулиятни "Қовқоз амирлиги" гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров тўққиз жангари ўлдирилганини хабар берганди.

Қариндошлар ҳам айбдор

Айни пайтда Рамзан Қодиров Чеченистонда болалар учун ота-онаси айбдор бўлмайдиган вақтлар тугаганини билдирган.

"Агар жангари полиция ходими ёки бирор бир тинч фуқарони ўлдирса, жангарининг оиласи Чеченистондан ортига қайтолмайдиган қилиб ҳайдаб чиқарилади ва уйи таг-туби билан бузиб ташланади", деган Қодиров Инстаграмдаги саҳифасида.

Россиянинг "Мемориал" инсон ҳақлари ташкилотига кўра, 6-7 декабрда жангариларнинг оилаларига қарашли олтита уйга ўт қўйилган.

Ёнғин ортида Чечен куч ишлатар тизим ходимлари турибди, деб таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Маълумотларга қараганда, Гудермес тумани чеккасидаги Янди ва Энгел-Юрт қишлоқларида бешта уй ёнган.

"Жангарилар учун қариндошларини жазолаш халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилишидир. Ҳеч бир оммавий жазо ҳаракатларини оқлаб бўлмайди. Федерал ҳукумат ҳодиса бўйича мустақил ва шаффоф қидирувни таъминлаши керак", дейди Амнести Интернешнл вакили Жон Далхузен.

Унинг айтишича, "бундай ҳаракатларга изн бериш оммавий жазо жазосиз қолишини таъминлайди ва уни кенгайтиради"

Горознийдаги ҳужум натижасида 9 жангаридан ташқари 10 полиция ходими ҳалок бўлган, 28 таси яраланган.

Расмий хабарларда айтилишича, жангарилар полиция назорат пунктига қарата биринчи бўлиб ўт очганлар. Отишмалар Грознийнинг қатор туманларида давом этгани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ