Туркия бошланғич синфларга ислом дарсини киритмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мухолифатга кўра, Эрдўғон партияси мактаб маориф дастурига аралашмоқда.

Туркиянинг маориф бўйича кенгаши бошланғич синф ўқувчилари учун мажбурий диний дарсларни киритиш, ҳамда болалар боғчалари тарбияланувчиларига "қадриятларни сингдириш" машғулотини ўтказиш таклифи учун танқид қилинган.

Танқидчилар хавотирича, ҳукумат шу тариқа дунёвий маориф тизимини исломийлаштиришга уринаяпти.

Кенгаш маслаҳати Туркия маориф вазирлиги томонидан тасдиқланиши керак.

Айни пайтда Туркияда диний таълим тўққиз ёшдан катта мактаб ўқувчилари учун мажбурий саналади. Бироқ таълим кенгашининг йиллик йиғилишида олти ёшдан бошлаб диний дарсларни киритиш таклиф этилди.

Кенгаш таклифига кўра, бошқа ўқувчилар учун диний дарс соатларини ҳафтасига бир соатдан икки соатгача ошириш кўзда тутилади.

Уч йил олдин Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғон диний таълимли авлодни камол топтиришга ваъда берган эди. Кузатувчилар фикрича, ҳозирги қадамлар ана шу ғоянинг ҳаётга тадбиқ этилишига йўналтирилгандир.

Бир йил олдин Туркияда узоқ йиллар амал қилиб келган давлат идораларида рўмол ўраш тақиқи бекор қилинди. Ушбу ҳолат ҳам танқидчилар наздида Туркия жамиятининг исломийлаштириш томон қадам ташлаши дея баҳоланганди.

Туркия конституция бўйича дунёвий давлат ҳисобланади. Танқидчилар Эрдўғон ва унинг Адалот ва тараққиёт партиясини амалдаги ҳолатни ўзгартиришга уринаётганликда айблайдилар.

Қуръонни ёд олиш

Таклиф қилинган ислоҳотлар қаторида тўртинчи ва ундан юқори синф ўқувчилари "Қуръонни ёд олишлари учун" икки йилгача муддат таътилга чиқишларига имкон бериш айтилади.

Шунингдек, Кенгаш сайёҳлик бизнеси факултети талабаларига алкоголли ичимликлар билан хизмат кўрсатиш дарсларини бекор қилиш таклиф қилган.

Диний дарслар Туркияда юқори синф ўқувчилари учун мажбурий саналади.

Турк оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, кенгашнинг бир қанча аъзолари болалар боғчаларида қадриятларни ўргатиш ташаббуси билан чиққан, аммо ғазабнок баҳслардан сўнг бу ташаббус муҳокамаси қолдирилган.

"Zaman" рўзномаси ёзишича, ташаббусга қаршилар атеистликда танқид қилинганлар.

Мухолифат бошқарувдаги "Адолат ва тараққиёт" исломий партиясини ўрта мактаб маориф дастурига аралашмоқда, дейди.

Фаоллардан Камол Қиличдорўғли "Маориф кенгаши ўзининг тавсиялари билан жамиятни ўтмишга қайтармоқчи бўлаяпти",- деган фикрда.

Исломийларга қарши кураш

Айни вақтда Оврўпо Иттифоқи Туркияни "Исломий давлат"га қарши курашда ёрдам беришга чақирмоқда.

Шу кунларда Туркияга сафар қилган Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Федерика Могерини маҳаллий ҳукуматни Суриядаги "Исломий давлат"га қарши курашда фаол бўлишга кўндирмоқчи.

Могерини ва Оврўпо Иттифоқининг бошқа мулозимлари Туркияни хориждан келаётган жангариларни чегарадан ўтказмаслик қўшимча чораларини кўришга чақирмоқда.

Могерини Анқарада Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига кириш истиқболларини ҳам муҳокама қилишини айтган.

Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига кириш ҳақида музокаралари 2005 йилдан буён давом этади, бироқ Кипр ороллари борасидаги келишмовчиликлар ва Иттифоқнинг баъзи аъзоларининг ўз сафларига Туркияни қўшмаслик хоҳишлари туфайли амалга ошмай келмоқда.

Оврўпо Иттифоқи Туркия Исломий давлатга қарши курашда катта ёрдам бериши мумкин деб билади.

Туркия Сурия ва Ироққа ўтувчи жангари гуруҳлар учун транзит йўл бўлиб қолгани сир эмас.

Туркия ҳукумати ўз навбатида Оврўпо Иттифоқи давлатлари жангарилар минтақага етиб келмасликлари чорасини кўришлари лозимлигини уқтирган. Ҳамда расмий Анқара Суриялик қочқинларга катта ёрдам бераётгани, икки миллиондан ортиқ суриялик қочқинларни олиб ўтирганини эслатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002