Зарбага ҳозир: Афғонистоннинг ‘Брус Ли’си

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бор-йўғи бундан бир неча ҳафта бурун Аббос Ализодани ҳеч ким танимасди.

Аббос ҳам ночоргина, аммо орзулари осмондаги ойни кўзлаган афғонистонлик йигитчалардан бири эди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аммо Ҳолливуд афсонаси, Шарқ якка кураши устаси Брус Лининг машҳур зарбасини такрорлаб тушган суратини Facebook ка қўйдию, боши “бало”га қолди.

Пойтахт Кобул атрофида яшовчи Кунг-фу устаси бир зумда ижтимоий мулоқот тармоғининг янги қаҳрамонига айланди.

Бир томонда марҳум Брус Ли, бошқасида Аббосжон мушакларини ўйнатиб турган бу рангли сурат унча-мунча одамни бефарқ қолдирмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Суратнинг ўзи ҳам яна “Эски аждарҳо – Янги аждарҳо”, деб номланганига нима дейсиз?

Устига устак, 21 ёшли Аббосжон кимсан Брус Лига бир томчи сувдек ўхшаб турса...

Брус Лининг фильмларига “ошиқ” бўлиб қолган пайтида қаҳрамонимиз бор-йўғи 14 ёшда бўлган.

Шарқ яккакураши усталари Брус Ли ва Жэки Чан ижросидаги фильмларни Афғонистонда ҳамиша севиб томоша қилишган.

Шу боисми, бу каби фильмларни ҳеч қачон маҳаллий бозорларда қидириб, эсингиз кетмаган: Ҳар доим расталарнинг “гули” бўлиб келган.

Аббос ҳам бошқа кўплаб фильм шинавандаларига ўхшаб, бу икковлонга тақлид қилишни бошлайди ва ҳатто, Кунг-фуни ростманасига ўрганишни кўнглига тугиб қўяди.

Кобулдаги спорт клубларидан бирига қатнай бошлайди, аммо оиласининг қўли калталиги боис, машғулотлари ярим йўлда қолиб кетади.

Аммо, бунга қарамай, Аббосжон орзусидан воз кечмайди: Уйда ўзи шуғулланишда давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўрта мактабни тугатишга муваффақ бўлганига қарамай, айнан оиласининг ночорлиги сабаб, олий таҳсилни хаёлига ҳам келтира олмайди.

Миясига қон қуйилиши натижасида отаси Муҳаммад Ризо ярим жон бўлиб қоларкан, ҳаёт кечиришлари бундан-да қийинлашади.

Лекин, шунда ҳам, уйидагилари бир кун келиб Аббосжоннинг орзулари ушалишига қаттиқ ишонишади:

“Аббос 14 ёшда экани чоғи Кунг-фу билан ўзича шуғуллана бошлаган. Чунки ночорлигимиз боис, ўшанда биз уни профессионал спорт клубига беролмаганмиз”, - дейди отаси.

“Ўғлимни орзуларига ўзинг етказгин, фарзандим ўз даврининг “Брус Ли”сига айлансин, деб ҳар доим Худога нола қиламан”, - дея сўзларида давом этади у киши.

Аббос Ализода

Ўзбошича шуғулланишига тўғри келганига қарамай, Аббос биргина Брус Личасига зарба беришга уста эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қаҳрамонимиз фильмларини кўравериб, Брус Лининг ҳамма хатти-ҳаракатлари ва марҳум Ҳолливуд юлдузини янада машҳур қилган “Nunchaku” таёқларини ўйнатишни ҳам пухта эгаллаб олган.

Суҳбатимиз жараёнида Аббос ўзининг бор “санъати”ни бизга ҳам намойиш этади.

Кобулдаги “Доруломон” саройи саҳнида ёшгина суҳбатдошимиз Брус Ли “Қаҳр зарбаси” ва “Аждарҳо йўли” фильмларида каттаю кичик мухлисларини бирдек тан олдирган хатти-ҳаракатларини бизга унинг худди ўзидек такрорлаб кўрсатади.

“Илтимос, шу пайтда мени суратга олинг. Одамлар менинг ҳақиқий афғон Брус Лиси эканимни кўришсин, билишсин, ишонишсин”, - дейди Аббос бизга.

Афсонавий Брус Лининг яктолигини эътироф этса-да, Аббосжон вақти келиб машҳур Кунг-фу устаси ёки актёр бўлиб етишиш орзусида: У “янги Брус Ли” бўлсам, дейди.

Тан олиш керак, Аббосжон аллақачон ўзининг маҳорати билан одамларнинг эътиборини тортиб улгурган.

Ёнимизда экан, мобил телефони бир зум ҳам тиним билмайди, мухлислари дўст бўлиш илинжида унга ҳар куни юзлаб пайғомлар юборишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Улардан айримлари мен билан ғурурланишларини айтишади. Бошқалари эса, суратнинг ҳақиқийлигига ишонмай, мени ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлишади”, - дейди Аббос.

Суҳбатдошимизнинг ўзи эса, кимсан Брус Лига бироз “рақиб” бўлишга муваффақ бўлганидан мамнун.

“Брус Ли ҳам спортчи ва ҳам инсон сифатида одамлар учун намуна бўлишга арзийди. Сўзсиз, ҳеч ким унинг ўрнини босолмайди. Шу жумладан, мен ҳам. Аммо, шунга қарамай, мен тирик эканман, Брус Лининг изидан боравераман”, - дейди Аббос энг сўнггида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ