Имом ўлими: "Ўзбеклар Бирлиги" рус ва ўзбек хизматларидан шубҳаланмоқда

Истанбулдаги Ўзбеклар Бирлиги ташкилотининг раҳбари ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийнинг ўлими ортида Ўзбекистон ва Россия махфий хизматларини гумон қилаётганини билдирди.

"Бизда бор маълумотларга кўра, бу суиқасдни ўзбек-рус хавфсизлик хизматлари биргаликда уюштирганларини таҳмин қилаяпмиз", - деди Ўзбеклар Бирлиги ташкилотининг раҳбари Адам Чевик.

Туркия полицияси имомни ўлдиришда гумон қилинган шахсни қўлга олган ва унинг Россия фуқароси эканини билдирган. Полиция ҳодиса ёки гумондор ҳақида ҳозирча бошқа маълумот бермаяпти.

Имомнинг жанозаси жума куни Истанбулдаги Фотиҳ масжидида ўқилиши ва у сўнгра Эюб қабристонида дафн этилиши режаланган.

Асли исми Мирзағолиб Ҳамидов бўлган 38 ёшли имом саккиз йилдан бери Туркияда яшаб келарди. У турк аёлига уйлангани сабаб Туркия фуқаролигига эга бўлгани ишонилади. Унга нисбатан Ўзбекистонда жиноий иш очилган ё очилмагани номаълум.

Имом ўзининг "Иҳсанилим" номли мадрасасига Марказий Осиёдан келган ёшларни жалб қилиб, уларга Исломий таълим бериб келган.

Унинг чиқишлари интернетда ҳам оммабоплашиб, мурид ва мухлислари сони кўп бўлгани айтилади.

Имом Бухорий ўз маърузаларида ёшларни очиқчасига Суриядаги жиҳодда иштирок этишга ундаб келган. У, хусусан, ўзбекистонлик мусулмонлар ҳам Суриядаги Башар ал-Ассад тизимига қарши курашиш фарзига эга эканликларини айтган.

Сурия ва Ироқдаги жиҳодчилар сафларида шу кунларда юзлаб ўзбекистонлик ёшлар жанг олиб боришмоқда ва уларнинг аксари бу жанг майдонларига Туркия орқали ўтадилар.

Ғарб ҳукуматлари Туркиянинг "жиҳодчилар транзит йўли"ни ёпмасликда айблаб келади.

У, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Исломий давлат ўрнатилиши вақти етилгани ҳақида баёнотлар қилган.

Жумладан, ўтган ой охирида у Саҳвий таҳаллуси билан аудиоблог юритувчи Муҳаммадсолиҳ Абутовга берган интервьюсида Ўзбекистон халқи Исломий давлатни исташини айтган.

"Ҳозирги дунёдаги ҳукуматлар Ислом ҳоким бўлишини истамаса-да, барибир Ислом ҳоким бўлади. Бу аниқ бўлган нарса, бошқа чора йўқ, бошқа йўл йўқ", - деган у суҳбат давомида.

"Бизнинг миллатимизнинг кўпчилиги Исломий шаъриятни, Исломий ҳукмни, Исломий сиёсат, Исломий ҳукуматни хоҳлайди. Шундай бир яхши гумондамиз", - деб айтган имом.

Уни таниган журналист Камолиддин Йўлдошнинг айтишича, имом яқин кунларда ўзига таҳдид мавжуд экани ҳақида гапириб келган.