Порошенко Украинага "ҳақиқий тинчлик" ўрнатилганини айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Президенти Пётр Порошенконинг айтишича, охирги бир неча кун ичида Украина шарқидаги можарода ҳеч қандай аскар ўлдирилмади ё жароҳат олмади.

"Сизга ҳуш хабарим бор. Бугунда, охирги етти ой ичида биринчи марта, Украинада ҳақиқий ярашув қайд этилди", - деди жума куни Австралия бўйлаб сафари чоғида гапирган Порошенко жаноблари.

Донбассда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти воситачилигида эришилган "сукунат режим"и бошланган.

Украина шарқида можаро бошланганидан бери 4 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлган, миллиондан ортиғи эса ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар.

Пайшанба куни Пётр Порошенко Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, Украина ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқишлари ва Россия-Украина чегарасини ёпишларини сўради.

"Илтимос, менинг ҳудудимдан қўшинларингизни олиб чиқинг... Илтимос, чегарани ёпинг. Мен сизга ваъда бериб айтаман, агар чегарани ёпсангиз, бир, икки, уч ҳафта ичида Украинада тинчлик ва барқарорлик ҳукм суради. Бунинг ҳаммаси жуда оддий", - деди Порошенко Австралия Бош Вазири Тони Аббот билан бирга ўтказган матбуот анжуманида.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни Украина шарқида амал қилаётган бўлгинчиларни молиялаш ва ҳарбий тайёрлашда айблашади.

Москва бу айбловларни рад этади ва можарога алоқаси йўқлигини айтади.