Аграда 'мусулмонлар мажбуран ҳиндуларга айлантирилмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хабарларга кўра, Ҳиндистоннинг ўз вақтида Бобурийлар ҳукмронлик қилган бу қадим шаҳрида олтмишга яқин мусулмон оиласи ўз истак-хоҳишларига қарши ҳиндуликни қабул қилишга мажбур бўлишган.

Мазкур ҳолат сабаб, яна ўндан ортиқ мусулмон оиласи яшаб турган уй-жойларини ташлаб чиқишган.

Исломий ташкилотлар Аграда юз бераётган бу каби ҳодисаларда бошқарувдаги BJP партиясига яқин ҳинду миллатчи гуруҳларини айлаб чиқишган.

Уларга қарши чора кўрилишини талаб қилишган.

Ўз навбатида, ҳинду миллатчи гуруҳлари ўзларига қарши янграётган бунга ўхшаш айбловларни рад этишган.

Маҳаллий мусулмонлар ўз хоҳишлари билан ҳиндуликни қабул қилишаётганини даъво қилишган.

Ҳинд парламентининг айрим мухолифатчи аъзолари эса, мутаассиб ҳиндуларни Ҳиндистон бирдамлиги ва дунёвий тизимини хавф остига қўяётганликда айблашган.

Худди шу мавзу Ҳиндистон парламентида ҳам жуда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Мухолифатдаги партиялар мамлакат Бош вазири Нарендра Модидан изоҳ беришини талаб қилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи VIVEK JAIN

Танқидчиларга кўра, мутаассиб ҳинду гуруҳлари жаноб Моди бошчилик қилаётган янги ҳукумат бошқаруви остида ўз кучларини кўрсатиб қўйишмоқчи.

Яқиндагина янги ҳукумат вазирларидан бирининг ҳинду бўлмаганларга нисбатан таҳқиромуз сўзни қўллаши ҳам каттагина жанжалларга сабаб бўлганди.

Ниранжан Жиоти оммавий йиғин чоғида одамлардан Рамзода (Ҳинду Худоларидан Рамнинг болалари) ёки Ҳаромзодадан бирини танлашларини сўраганди.

Бош вазир Нарендра Моди жаноблари эса, вазирасининг номақбул сўз қўллаганини тан олган эса-да, уни бўшатишдан бош тортганди.

Унинг "Бхаратия жаната" миллатчи партияси шу йил май ойида бўлиб ўтган ва дунёдаги энг йириги, деб баҳо берилган парламент сайловлари ортидан, Ҳиндистонда иқтидорга келганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ