Украина шарқида томонлар бир-бирини айбламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украина кучлари ва бўлгинчилар 9 декабрда оташкесимга келганлар.

14 декабр тунида россияпараст бўлгинчилар Украина кучларини 14 марта нишонга олгани қайд этилди, деб хабар беради Украина аксилтеррор амалиётлар штаби матбуот хизмати.

Бўлгинчилар томонидан Фрунзе, Қрим, Луганск, Верхнеторецкое, Авдеевка, Никишино, Дебальцево туман ҳудудлари нишонга олингани айтилади.

Аксилтеррор амалиётга қарши кучлар бўлгинчилар бузғунчилигига қарши жавоб қайтармадилар, дейилади АТА хабарида.

Айни пайтда россияпараст жангчилар ҳам ўзлари назорат қилиб турган ҳудуд Украина кучлари томонидан ҳужумга тутилганини билдирганлар.

Донецкдаги бўлгинчилар раҳбарларидан Эдуард Басурин Украина армияси оташкесимга риоя қилмагани, ўтган тунда ўзларига қарши 10 мартадан ортиқ ўт очилгани, жумладан Енакиевода миномётдан фойдаланилганини қайд қилган.

9 декабрда Украина шарқида Президент Пётр Порошенко томонидан оташкесим эълон қилинган. Донецк ва Луганск республикалари бу таклифни қувватлашга тайёрликларини билдиргандилар.

Сентябр ойида ҳам томонлар оташкесимга рози бўлганлар, жанглар шиддати анча камайгани кузатилган. Бироқ алоҳида туманларда барибир отишмалар давом этиб турган.

Донецк ва Луганск вилоятлари апрел ойида ўзини Киевдан мустақил деб эълон қилгач, Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган эди.

Мудофаа учун маблағ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Олдинроқ БМТнинг инсонпарварлик масалалари бўйича қўмитаси Украина шарқидаги вазиятга доир янги ҳисоботни эълон қилган. Унга кўра, Донбассдаги тўқнашувлар камида 4634 инсон умрига зомин бўлган.

Украина Мудофаа вазири Сергей Полторакнинг куни кеча маълум қилишича, россияпараст айирмачиларга қарши муваффақиятга эришиш учун мамлакат ҳарбий бюджетини 3 миллиард долларгача ошириш зарур.

Хориждан қурол сотиб олиш учун 100 миллион доллар керак бўлади, деб қайд этган жаноб Полторак Олий Рададаги чиқишида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Мудофаа вазири армияга қўшимча кучларни жалб қилишга чақирган ва 2015 йилда 45 минг кишини ҳарбий хизматга олиш режаланганини айтган.

Унга кўра, кейинги йилдан Украина шарқидаги ҳарбий кучлар сони 232 мингдан 250 минггача оширилади.

Украина ва Ғарб Россияни Украина шарқидаги бўлгинчиларни молиявий таъминлаш ва ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга кўмаклашишда айблайди.

Москва можароларга алоқаси йўқлигини таъкидлаб, бу айбловларни рад қилади ва Украина шарқига фақат инсонпарварлик ёрдамлари жўнатаётганини урғулайди.

Сергей Полторак фикрича, Украина қаршисида нафақат шарқдан, балки Приднестровья томондан ҳам хавф мавжуд бўлиб, шу боис мамлакат шарқи ва жанубига қўшимча кучлар жўнатилиши лозим.

Декабр охирида Олий Рада йиллик бюджетни тасдиқлаши кутилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002