Apple ширкати Россияга интернет савдосини тўхтатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Жаҳондаги энг йирик технология ширкатларидан бўлган Apple рублнинг ўта беқарорлиги туфайли Россияга интернет орқали ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатаётганини билдирди.

Ширкатнинг айтишича, ўз маҳсулотларини сотиш учун у рублда барқарор нарх белгилай олмаяпти.

Россияда рубл мисли кўрилмаган даражага тушиб кетишидан бир кун ўтиб Apple Россияга iPhone ва iPad маҳсулотларини сотишни тўхтатди.

Россия ҳукумати фоиз кўрсаткичларини 10,5 фоиздан 17 фоизга кўтаришдек кескин қарорни қабул қилишига қарамай, рублнинг қиймати шу ҳафтанинг ўзида 20 фоизга тушиб кетди.

Чоршанба тонгида рубл яна 5 фоизга тушиб, бир доллар нархи 71 рубл дея белгиланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Apple ширкати ўтган ой Россиядаги нархларини 20 фоизга қимматлатганди, чунки қулаётган рубл ширкат маҳсулотларини Оврўпонинг бошқа мамлакатларига қараганда анча арзон қилиб қўйганди.

Россиянинг Марказий Банки валюта бозорига 2 миллиард доллар киритганини эълон қилди.

Марказий Банк жорий йилнинг ўзида рубл қийматини тиклаш учун 80 миллиард доллар сарфлади, аммо шунга қарамай рубл январ ойидан бери 50 фоиз қийматини йўқотди.

Рублнинг қулашига нефт нархларининг пасайиши ва Россияга Украинадаги можарога аралашгани учун Ғарб томонидан ўрнатилган санкциялар сабаб бўлмоқда.

Россия Марказий Банки рублни барқарорлаштириш учун янги чоралар кўришини айтмоқда.

Банк раисининг муовини Сергей Швецов вазиятни “ўта жиддий” дея тасвирлади.

Айни дамда АҚШ Россияга қарши яна кўпроқ жазо чораларини киритишга шайланаётгани борасидаги хабар Россия иқтисоди борасидаги хавотирларни оширмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ