Путин:'Россия иқтисоди инқироздан чиқиб кетади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Президенти Владимир Путин миллий валюта-рублнинг қадри барқарорлашишини айтган, аммо иқтисодий инқироз икки йилга қадар давом этиши юзасидан огоҳлантирган.

Путин жаноблари бу ҳақда йиллик матбуот анжуманида гапирган.

Президент Путин рубл қадрининг пастга шўнғишига "ташқи омиллар"ни айблаган. Россия Президентининг ҳисоб-китобига кўра, рублнинг муаммоларига 25-30% Ғарбнинг жазо чоралари сабабдир. Шунингдек, у Марказий Банк бу масалага эртароқ ёндашиши лозим бўлганини эътироф этган.

"Албатта, вазиятни энг аввало ташқи омиллар келтириб чиқарди. Аммо, бизнинг ишонимизча, иқтисодимизни хилма-хиллаштириш учун сўнгги 20 йил давомида етарли иш қилмадик. Айниқса, ижобий ички иқтисодий вазиятни назарда тутганда, яъни бизнеслар катта ва тез фойда кўриладиган соҳаларга сармоя ётқизган бир пайтда бу ишни қилиш қийин кечган бўларди", деб айтган Россия Президенти.

Путин, шунингдек, Россия иқтисодий хилма-хиллик тараққиётида муваффақиятсизликка учраганини ҳам тан олган.

Мамлакат иқтисоди бугун нефт нархларининг тушиб кетиши ва Украина инқирози боис жорий этилган жазо чораларидан қаттиқ зарба еган.

Аммо, Путин жаноблари мамлакат ичкарисида танқидлар остида қолган Марказий Банкка дастак берар экан, банк ҳам ҳукумат ҳам вазиятга етарлича ёндашаётганини таъкидлаган.

"Мен Марказий Банк ва ҳукумат мавжуд вазиятга етарли чораларни кўрмоқда деб ҳисоблайман. Ҳа, Марказий Банк ва ҳукумат қабул қилган қарорлар қанчалар ўз вақтида бўлганига оид баъзи саволлар бўлиши мумкин, бироқ улар анчайин талаб даражасида ва тўғри йўлга қараб кетмоқда", деб айтган Владимир Путин

У миллий валюта заҳиралари иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш учун етарли эканини таъкидлаган. Путинга кўра, Марказий Банк ўзининг $419 миллиардини "куйдир"маслиги керак.

"Ва бизнинг иқтисодимиз ҳам бугунги вазиятдан чиқиб кетади. Бу қанча вақт олади? Энг ижобий бўлмаган шароитда камида икки йил. Ундан кейин иқтисодий ўсиш бўлиши муқаррар", дея қўшимча қилган жаноб Путин.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Сара Рейнсфорднинг айтишича, Президент Путин рубл қадрининг рекорд даражада тушиб кетиши ортидан россияликларнинг келажаклари борасидаги қўрқувларини аритишга ва бозорларни тинчлантиришга ҳаракат қилган.

Пайшанба куни эрталаб рублнинг ўтган кунлар давомида олган зарбаларидан бироз жонлангани хабар қилинган.

Сешанба куни Марказий Банк молиявий муассасалар ва молиявий ширкатларни агар лозим бўлса, қўшимча пул билан таъминлаши мумкинлигига ишонтирганди.

Россия фоиз ставкаларини 17%га оширишга мажбур бўлган.

Ҳафта бошларида россияликлар қўлларидаги нақд пулларни сарфлаш учун дўконларга шошилаётганлари хабар қилинганди. Айтилишича, кўплар нархлар кўтарилиб кетмасидан автомашиналар ва уй-рўзғор буюмларини сотиб олишга ошиқишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ