Туркия маҳкамаси Фатҳуллоҳ Гуленни ҳибсга олишга қарор берган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Гулен Туркияда давлат тўнтаришини уюштиришга ҳаракатда айбланади.

Истанбул маҳкамаси туркиялик ислом уламоси Фатҳуллоҳ Гуленни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Жаноб Гулен Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ашаддий мухолифи саналади.

Айни пайтда АҚШда муҳожиротда яшайдиган Фатҳуллоҳ Гуленга террористик гуруҳга аъзолик айблови илгари сурилган.

Гулен Эрдўғоннинг ҳокимиятга келган пайти унинг яқин ҳамкори бўлган, бироқ кейинчалик уларнинг қарашлари бир-биридан кескин фарқ қилган.

Эрдўғон Гуленни Туркияда давлат тўнтаришини уюштиришга ҳаракатда айблайди.

Якшанба куни Турк полицияси диний уламога яқинлиги айтиладиган "Samanyolu TV" телеширкати ва "Zaman" газетаси офисларида тинтув ўтказган.

Айни вақтда ҳакам газета редакторини қўйиб юборган, бироқ телеканал бошлиғи ҳибсда қолмоқда.

14 декабр куни камида 24 турк журналисти ҳибсга олинган, уларга ноқонуний ташкилот тузиш ва ҳокимиятни ноқонуний босиб олишга уриниш айбловлари илгари сурилганди.

Мамлакатда таниқли журналистларнинг ҳибсга олиниши Туркиядан ташқарида ҳам турли фикрларга сабаб бўлган.

Оврўпо Иттифоқи вакиллари бу ҳолатни эркин сўзни бўғиш дея аташган. Оврўпо раҳбарлари ўтказилган рейдлар ва ҳибсга олишлар Оврўпо қадриятларига тўғри келмаслигини таъкидлаганлар.

Ўз навбатида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мухолифат журналистларнинг ҳибсга олинишини қоралаган Оврўпо Иттифоқига қарата ғазабнок нутқ билан чиққан.

"Оврўпо Иттифоқи ўзининг иши билан шуғуллансин ва хулосалари ўзида қолсин",- деган у Туркияда полиция томонидан ўтказилган рейдлар эркин матбуот тамойилларининг бузилиши деган танқидларга жавобан.

Ражаб Тойиб Эрдўғон, "нима, улар(оврўполиклар) тўлиқ ишонч билан мурожаат қилишларига қараганда, бундай амалиётлардан хабардор бўлганларми? Бизга бу ҳақда Оврўпо Иттифоқи нима дейишининг бутунлай аҳамияти йўқ. Улар бизга Оврўпо Иттифоқи аъзолигини беришлари ёки йўқлигининг ҳам", деб айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Президент Эрдўғон Туркияда мухолифатдаги Гуленнинг тарафдорларига қарши янги кампания бошлашга ваъда берганди.

Жаноб Эрдўғоннинг сўзларига кўра, бир неча марта ҳуқуқ-тартибот идораларидаги "гуленчилар"ни коррупция айбловларидан фойдаланиб, ўзини қудратдан ағдаришга эришмоқчи бўлганлар.

Эрдўғоннинг собиқ ҳамкори Гуленнинг ўзи Туркиянинг ичида параллел ҳукумат тузганликда айбланади.

Туркияда жаноб Гуленнинг ҳаммаслаклари кўп деб ишонилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002