Пентагон: ‘Исломий Давлат’нинг қатор раҳбарлари ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Курд жангчилари Синжар тоғларидаги “Исломий Давлат” қуршовини бузиб, август ойидан буён бу ҳудудларда қолиб кетган Язидийларни озод қилишга йўл очганини айтаркан, АҚШ ҳарбийлари ўзларининг ҳаво ҳужумлари сунний гуруҳнинг бир неча раҳбарини ҳалок этгани ҳақида хабар тарқатган.

Курд жангчиларига кўра, бу Ироқ шимолида “Исломий Давлат” устидан қўлга киритилган энг йирик ғалабадир.

Натижада шу йилнинг август ойидан буён ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб қочиб Синжар тоғларида паноҳ топишга мажбур бўлган минглаб Язидийларнинг хавфсиз жойга ўтиб олишлари учун йўлак очилган.

Курд жангчилари “Исломий Давлат” қуршовини барбод этиш мақсадидаги ҳужумларини 17 декабр куни бошлашган, уларни “Исломий Давлат”га қарши коалицияга кирган АҚШ ва бошқа мамлакатлар ҳарбий-ҳаво кучлари дастаклаб турган.

“Исломий Давлат”га қарши коалицияга 45 мамлакат қўшилган ва сўнгги кунлардаги ҳаво ҳужумлари энг кучлиларидан бўлгани хабар қилинмоқда.

Жангларда 8000 тача Курд жангчилари қатнашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи reuters

Улар саккиз қишлоқни “Исломий Давлат”дан озод қилгани, 80 тача жангари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатганлар.

“Исломий Давлат” Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудини ўз назоратига олиб, бу ҳудудларда исломий халифалик барпо этганларини эълон қилганлар.

Курд қўшинларига кўра, “Исломий Давлат” жангариларининг бир қисми Сурия ҳудудига, яна бир қисми эса Ироқнинг Мосул шаҳри томон чекинганлар.

Айни пайтда АҚШ Қўшма қўмондонлиги бошлиғи генерал Мартин Демпси айтишича, ўзларининг ҳаво ҳужумлари “Исломий Давлат”нинг жанговор қобилиятига путур етказган.

Пентагонга кўра, 3 ва 9 декабр кунлари АҚШ ҳаво ҳужумлари “Исломий Давлат”нинг Ироқдаги ҳарбий амалиётлар учун масъули Абдул Боситни, гуруҳ раҳбари Абубакр ал-Бағдодий ёрдамчиси Ҳожи Мутазни ўлдирган.

Шунингдек, ноябр ойи охирларида “Исломий Давлат”нинг Ироқ Мосулидаги ҳокими Розвин Толиб ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганини айтганлар.

Wall Street Journalига генерал Демпсининг айтишича, “Исломий Давлат” сафларидаги йўқотишлар исломий гуруҳнинг ҳужум қилиш, жангарилар таъминоти ва молиявий фаолиятига салбий таъсир қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002