ОИ Қримга қарши қўшимча санкцияларни қўллай бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинадаги бўҳрон муносабати билан Оврўпо Иттифоқи шанба куни Қрим ярим оролига нисбатан навбатдаги санкцияларни киритди.

Ушбу санкциялар Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ярим ороли билан савдо қилиш ва сармоялар киритишга тааллуқлидир.

Бундан буён Оврўпо ширкатлари ва Оврўпода фаолият юритаётган ширкатлар Қримда мулк сотиб олиш, Қримдаги ширкатларни молиялаш ёки уларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлишмайди.

Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатларнинг сайёҳлик ширкатларига эса Қрим ёки Севастополда сайёҳлик хизматини таклиф қилиш тақиқланади.

Қримга нисбатан жазо чораларининг қўлланишини Россия Ташқи ишлар вазири "Россияга қўшилгани учун Қрим аҳолисини жазолашга уриниш", дея баҳолади.

Янги чоралар шунингдек Оврўпо ширкатларига Қримда жойлашган ширкатлар билан савдо-сотиқ қилишни тақиқлайди.

Санкциялар 20 декабрдан бошлаб кучга киради.

Шу йил мартида Россия Қрим ярим оролини ишғол этди.

Бироқ Россиянинг мазкур амали жаҳон ҳамжамияти томонидан кескин танқидлар билан қарши олинди.

Украина Қримни ўзи ҳудудининг ажралмас қисми деб билади.

Жума куни АҚШ президенти Барак Обама Қримда фаолият юритаётган шахслар ва ташкилотларга нисбатан қўшимча чеклов чораларини киритган эди.