Истанбулда тожик мухолифати раҳбари ушланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Тожик мухолифати раҳбарларидан бири Умарали Қувватов жума куни тонгда Туркиянинг Истанбул шаҳрида полиция томонидан ушланган.

Умарали Қувватов билан бирга яна уч нафар тожик мухолифати фаоллари Истанбул полиция идораларидан бирида ушлаб турилибди.

Умарали Қувватов Имомали Раҳмон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан ҳисобланади.

У раҳбарлик қилувчи "Группа – 24" гуруҳи Имомали Раҳмон ҳукуматини рангли инқилоб билан ағдаришга чақириб келади.

Умарали Қувватовнинг Би-би-сига маълум қилишича, уларга нисбатан ҳозирга қадар ҳеч қандай айблов илгари сурилмаган.

Жаноб Қувватов полиция ҳозирда у ва унинг шерикларига тегишли ҳужжатларни текшираётганини айтди.

Мухолифат фаолининг даъво қилишича, уларни Тожикистон ҳукумати талаби асосида қўлга олган бўлишлари мумкин.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари "Группа – 24" гуруҳи раҳбарининг Тожикистонга депортация этилиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини айтмоқдалар.

Тожикистон ҳукумати Умарали Қувватовни мамлакатда экан пайтда ўзи раҳбарлик қилган ширкатга тегишли 6 миллион доллар маблағни ўзлаштиргани даъво қилади.

Яқинларига кўра, 44 ёшли Умарали Қувватов "Фароз" номли ширкатга раҳбарлик қилган.

Афғонистонга ёнилғи етказиш билан шуғулланган мазкур ширкат Имомали Раҳмон куёвларидан бири билан ҳамкорлик қилган.

Умарали Қувватов президент куёви босимлари остида ватанни тарк этишга мажбур бўлганини айтади.

Жаноб Қувватов шу йил баҳорида Туркияда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаат қилиб, бошпана изловчи мақомини олганини айтади.

Группа – 24"

Умарали Қувватов бошқа қатор тожикистонлик бизнес лидерлари, мухолиф сиёсатчилар ва фаоллар билан бирга Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган "Группа-24" гуруҳининг асосчиларидан бири саналади.

Улар ўз сафларида бугунга келиб 10 мингдан зиёд аъзоси борлигини даъво қилади.

Аммо, кузатувчилар бу рақамларни шубҳа остига олишади.

Гуруҳ президент Имомали Раҳмон бошқаруви остида коррупция қанчалик кенг қулоч ёйганини ошкора танқид этиб келган.

Мазкур гуруҳ ўтган йили Тожикистон раҳбарининг истеъфосини талаб қилиб, президентлик сайловларининг демократик ва ошкора бўлишини шубҳа остига олганди.

"Группа-24", яна шунингдек, президент Раҳмоннинг икки йил муқаддам Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятида келиб чиққан қуролли низони қандай бартараф этганини ҳам танқид қилган.

Қисқа муддат давом этганига қарамай, ушбу можаро ўнлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди.

Айрим хабарларга кўра, Умарали Қувватов ўз вақтида президент Раҳмоннинг қизларидан бирига маслаҳатчилик ҳам қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002