Испания маликаси маҳкамага тортилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Испания қиролининг опаси бўлмиш Малика Кристина ўз эрининг тадбиркорлик ишларига алоқадорликда маҳкамага тортилади.

Испаниянинг янги тарихида бу қироллик оиласи аъзосининг илк бора маҳкамага тортилиши бўлади.

Унинг турмуш ўртоғи Иянки Урдангарин ўз бизнес шериги билан биргаликда миллионлаб давлат пулини талон-тарож қилишда айбланади.

Эр-хотин қонунни бузганликларини рад этишмоқда. Майорка оролидаги Палма шаҳри қораловчиларига кўра, жаноб Урдангариннинг спорт жамғармаси пулларни суистеъмол қилган.

Жаноб Урдангарин Нус Институт номли хайрия спорт жамғармасини бошқарганида 5,6 миллион евро йўқолгани даъво қилинади.

49 ёшли Малика Кристина шу миқдорнинг 2,6 миллионини суистеъмол қилишда айбланаяпти. У ўз эри билан Aizoon номли ширкатга эгалик қилган.

У собиқ қирол Хуан Карлоснинг уч фарзанди орасида ўртанчасидир.

Айбловлар 2007-2008 йилларга бориб тақалади. Тергов 2010 йилда очилганидан бери испан қироллик оиласи обрўйига путур етган.

Малика Кристина яна 16 гумондор билан бирга маҳкамага тортилади.

Терговга асос бўлган аризани берган ўта ўнг қанот Manos Limpias (Тоза қўллар) касаба уюшмаси малика 8 йилга, унинг эри эса 26,5 йилга қамалишини сўрамоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002