Икки дунё уммонини улайдиган яна бир канал қурилиши бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи reuters

Никарагуа дунёдаги машҳур Панама каналига муқобил бўладиган, бироқ Панама каналига нисбатан чуқур ва кенг канал қурилиши бошланганини эълон қилган, бу канал Атлантика ва Тинч океанларини бир-бирига боғлайди.

“Никарагуа Катта канали” деб номланган каналнинг узунлиги 278 километрни ташкил этиши хабар қилинган, уни 2020 йилда қуриб фойдаланишга топширишни режалаштирмоқдалар.

Канал қурилиши бошланганига бағишланган тантанали маросим Тинч океани соҳилидаги бандаргоҳга олиб борадиган йўл қурилишига пойдевор қўйиш билан бошланган.

Никарагуанинг икки уммонга қараган соҳилларида икки бандаргоҳ, бир аэропорт, иқтисодий ва сайёҳлик зоналарини ҳам барпо этиш режалаштирилган.

Янги канал қурилиши Хитойнинг HKND ширкатига топширилган.

Хитой ширкати ҳисоб-китобларига кўра, “Никарагуа Катта канали”нинг қиймати 50 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Тантанали очилиш маросимида гапирган HKND компаниси президенти Ван Цзин бу дақиқалар тарихга киради, деб айтган.

Никарагуа Вице-президенти Омар Алеслевенс айтишича, ушбу канал Лотин Америкасининг энг қашшоқ мамлакатларидан бири бўлган Никаруганинг тарихи ва иқтисодиётини ўзгартириши мумкин.

«Ушбу буюк канал орқали Никарагуа тужжорий мақсаддаги барча денгиз юкларининг 5 фоизини ташиб ўтказишни мўлжалламоқда. Бу кўп иқтисодий фойда келтиради ва Ялпи Ички маҳсулотни икки баробар кўпайтиради», деб айтган мамлакат вице-президенти.

Бироқ “Янги Никарагуа канали” қурилишига айрим таҳлилчилар ва ўзлари яшаб турган жойдан канал ўтиши мўлжалланган маҳаллий аҳоли вакиллари қарши чиқмоқдалар.

Танқидчиларга кўра, ушбу лойиҳанинг ўзини ўзи қоплашига шубҳа бор.

Шунингдек, Хитойнинг HKND ширкатининг бундай йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида тажрибаси йўқ, деб ҳам танқид қилинмоқда.

Атроф-муҳит ҳимоячилари эса канал Никарагуанинг чучук сув манбаси ҳисобланган кўлларига салбий таъсир кўрсатади, демоқдалар.

Ўзларининг уйлари бузилиши эҳтимоли бор одамлар норозилик амалиётларига қўл урганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002