Қримга электр энергия берила бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Қрим Бош вазир ўринбосари Михаил Шереметнинг билдиришича, Украина томонидан ярим оролга тўсатдан узиб қўйилган электр таъминоти қисман тикланган.

"Биз музокаралар ўтказдик, айни вақтда Қримга 650 мегаватт миқдорда электр энергия бера бошланди", деган у.

Чоршанба куни эрталаб Украина Россия томонидан аннексия қилинган Қримга электр энергия беришни огоҳлантиришсиз узиб қўйгани хабар қилинганди. Расмий Киев бу ҳолатни изоҳламаган.

Россия Энергетика вазирлиги Украинанинг ушбу ҳаракатини мамлакатда элетр энергия танқислигига боғлаган.

"Биз ҳозир керакли чораларни кўрмоқдамиз. Муаммони ечиш учун Украинага кўмир ва электр энергия етказишни ошириш режалаштирилмоқда. Шундан сўнг Қримдаги аҳвол изига тушади", деб айтган вазирлик вакили журналистларга.

Қрим расмийларига кўра, бугун кечга бориб электр таъминоти тўлиқ йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Украина энергетика ва кўмир саноати вазирлиги матбуот хизматининг РИА Новостига маълум қилишича, Қримда электр энергиядан фойдаланиш меъёрларидан ошиб кетилгани узилишга сабаб бўлган.

Украинанинг ҳамма минтақалари учун электр энергиядан фойдаланиш меъёрлари мавжуд, ким унга амал қилмас экан, узиб қўйилади, деган Украина энергетика вазирлиги вакили.

23 декабрда Қрим Бош вазири Сергей Аксёнов Украина билан Қримга узлуксиз электр энергия таъминотини кафолатлайдиган келишувга эришилганини билдирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ