'2004 йилги цунами Ачехга тинчлик келтирди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бундан 10 йил олдин - 2004 йил 26 декабри куни Ҳинд уммонида кўтарилган цунами қатор мамлакатларда ҳалок қилган қурбонларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилган.

Хотира маросимлари Индонезия, Таиланд ва Шри-Ланкада бўлиб ўтган.

Ҳинд уммонида баландлиги 20-30 метрга етган тўлқинлар юзага келишига кучли зилзила сабаб бўлган.

Эпицентри Индонезиянинг Суматра оролида бўлган зилзиланинг кучи 9,1 баллни ташкил этган.

Бу ушбу ҳудудда сўнгги 40 йилда кузатилган энг кучли ер силкиниши бўлган.

Кўплаб бинолар вайрон бўлган.

20 дақиқалардан сўнг баландлиги олти қаватли уйдан ҳам баланд бўлган тўлқин уммондан заминга ёпирилиб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Минглаб одамлар қалин лой қатламлари остида тириклайин кўмилиб қолганлар.

Фақат тўлқин кўтарилмаган баландликка чиқиб олган инсонларгина омон қолганлар.

2004 йилги цунами 228 минг инсон умрига зомин бўлган деб кўрилади, бироқ ҳалок бўлган инсонларнинг аниқ сони бундан ҳам кўплиги айтилади.

Декабрнинг охирги кунлари дунё насронийлари учун Исо Мавлуди байрами муносабати билан ҳордиқ кунлари ҳисобланади.

Ана ўша ҳордиқ кунлари оиласи билан бутун дунёдан дам олишга борган сайёҳлар ҳаётдан кўз юмганлар.

Ҳаммадан ҳам кўра Индонезиянинг Ачех вилояти кўп зарар кўрган.

Вилоятда 170 минг одам ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Цунами ҳақидаги хабарлар тарқалган пайтда жуда кўпчилик Банда-Ачехда шикаст етмай қолган ягона бино - XIX асрда қурилган жомеъ масжиди биносини яхши эслайдилар.

Фалокатнинг 10 йиллиги муносабати билан ўша масжидда одамлар тўпланишган.

Масжид имоми Асман Исмоил, цунами бу ерда яшаётган одамларга сабоқ бўлди, деб айтган.

Ачех вилоятида 30 йил давомида Индонезия ҳукумати ва исёнчилар ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берган.

"Цунамидан кейин ҳеч ким бир-бири билан урушаётгани йўқ. Одамлар бугунгача бирга тинчлик-омонликда яшаб келаяптилар", деб айтган имом.

Цунамидан кейин ярашув ишлари бошланган ва 2005 йил августида тинчлик битимига эришилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer