НАТО кучлари афғон кўчманчиларини ўлдирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғон расмийлари хабар қилишларича, НАТО кучлари адашиб ҳаво ҳужумида 3 кўчманчини ўлдирган, яна икки киши яраланган.

Ҳодиса Лугар вилоятида жума куни ер устидан талашаётган кўчманчилар билан рўй берган.

Кўчманчиларни НАТО кучлари ҳужумга тайёрланаётган исёнчилар деб ўйлаб ҳужум қилгани хабар қилинмоқда.

Тинч фуқароларни ўлдирилиши Афғон армияси ва НАТО кучлари ўртасидаги тарангликни кучайтирган.

Маҳаллий расмийларга кўра, Лугарда кўчманчилар орасида ер устида тортишув келиб чиққан. Олдинроқ бу ҳудудда ҳукумат ўт очишни тўхтатишга келишилгани билдирилган. Халқаро кучлар жанжаллашаётган одамларни ҳужумга тайёрланаётган жангарилар деб гумон қилганлар.

Ҳодиса АҚШ бошчилигидаги халқаро кучларнинг Афғонистонни тарк этишидан бир ҳафта олдин кузатилмоқда. Декабр охирида НАТОнинг 13 йил муқаддам Афғонистонга бошланган миссияси ўз ниҳоясига етади.

НАТО ҳужумида уч киши ҳалок бўлган, иккитаси жароҳатланган, деб айтган Лоғар вилоят полиция раҳбари Абдул Ҳаким Ишоқзай.

Унинг айтишича, мамлакат бўйлаб кўчиб юрадиган кўчманчилар яхши қуролланганлари одатий саналади. Яйловлар орқасидан тортишувлар тез-тез содир бўлиб туради.

Полицияга кўра, ўлдирилган одамлар уйларининг ичида бўлганлар.

НАТО расмийлари одатда бундай ҳодисалар ҳақида дарҳол изоҳ бермайди, кейинроқ бу борада баёнот чиқарилиши кутилмоқда.

2014 йилда Афғонистонда камида 3188 тинч фуқаро ўлдирилган. БМТ ҳисобича, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоиз кўп ва тинч фуқароларнинг ўлими ҳисобга олиб келинаётган 2009 йилдан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002