Покистонда Ўзбек қўмондони ўлдирилгани айтилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Покистон расмийларига кўра, ҳаво ва қуруқликдан уюштирилган қатор ҳужумлар Афғонистон билан чегарадош қавмлар назоратидаги ҳудудларда камида 55 жангарини ўлдирган.

Шимолий Вазиристоннинг Даттаҳел ҳудудида бир неча ҳарбий қўмондон ўлдирилган, ҳаво ҳужумлари жангарилар яширинган маконларни вайрон қилган, демоқдалар расмийлар.

Оракзай билан Хайбар қабилалар минтақасидаги бошқа бир амалиётда исёнчиларнинг бир гуруҳи пистирмада ўлдирилгани хабар қилинган.

Ушбу хабарларни ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони бўлмаган.

Покистон ҳарбийлари шанба куни бошлаган ҳаво ва қуруқлик ҳужумларининг жорий йил давомидаги энг йирик амалиёт эканини айтмоқдалар.

Покистон урдуси Пешовар шаҳридаги мактабга жангарилар ҳужумидан кейин ҳарбий амалиётларини кучайтирган.

Покистон расмийлари ўз мамлакати учун кичик 2001 йил 11 септембер ҳужумлари деб атаётган ҳужумда Пешовар мактабида 150 киши, аксари болалар ҳалок бўлган.

Ҳарбийлар хабарига кўра, Оракзай ва Хайбар қабилалар минтақаси чегарасида исёнчилар учрашуви бўлаётган пайт бу ерга Покистон урдуси ҳужум қилган.

Қаттиқ жанглар якунида "16 террорчи ўлдирилди, 20 таси яраланди. Улар 9 жангари жасадини қолдириб қочдилар", дея хабар қилинади Покистон армияси тарқатган баёнотда.

Жангда тўрт Покистон ҳарбийси яралангани, қаттиқ жароҳатланган 2 исёнчи қўлга олингани айтилади баёнотда.

Ҳарбий воиз женерал майор Осим Бажва айтишича эса, мамлакат шимоли-ғарбидага қилинган бошқа бир ҳаво ҳужумида 39 жангари, шу жумладан, 2 қўмондон ҳам ўлдирилган.

Исёнчиларга тегишли қурол-яроғ омбори ҳам вайрон этилгани хабар қилинган.

Жума куни Покистон хавфсизлик расмийлари Америка дронлари Шимолий Вазиристоннинг икки қишлоғида Панжоби Толибон қўмондони қароргоҳларини нишонга олгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Биринчи ҳужумнинг Кунд қишлоғи, иккинчи ҳужумнинг Ўзбек қўмондоннинг Мангротай деб номланган қишлоқдаги қароргоҳини нишонга олганини айтган мудофаа расмийлари.

Етти жангари, шу жумладан, муҳим Ўзбек қўмондони ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Ушбу хабарларни мустақил манбалардан текшириш мушкул, аммо Пешовар мактабига ҳужумдан кейин Покистон ҳукумати ва ҳарбийлари жангариларга қарши кураш борасида жамоатчилик босими остида қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002