Малайзия учоғи уммон устида кўздан ғойиб бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS
Image caption Airbus A320-200 учоғи бортида 162 йўловчи бўлган.

AirAsia авиаширкатининг QZ8501 номерли рейс билан Индонезиянинг Срабай шаҳридан Сингапурга йўналган учоғи Жакартада алоқадан узилган.

Airbus A320-200 учоғи бортида 162 йўловчи бўлган.

Бундан олдин учоқ экипажи 10,500 м баландликда диспетчерлардан қуюқ тумандан чиқиб олиш учун яна икки км баландликка кўтарилишни сўраган.

Алоқа йўқолишидан аввал учоқ Ява ва Калимантан ороллари ўртасидаги Яван денгизи устида бўлган, ҳеч бир ғайритабиий табиат ҳодисаси кузатилмаган.

Индонезия расмийларига биноан, учоқ бирор бир фожеа сигналлари бермаган.

AirAsia ширкати қидирув-қутқарув ишлари бошланганини билдирган. Бироқ ўтган етти соат ичида учоқнинг изи чиқмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Учоқ соат 8:30 да Сингапурга қўниши керак бўлган.

Авиаширкат маълум қилишича, учоқ бортида 17 бола дохил 155 йўловчи ва етти экипаж аъзоси бўлганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Йўловчиларнинг яқинлари Сурабай аэропортида

"Афсуски бизда ҳозирча йўловчи ва экипаж аъзоларининг тақдири ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда имкон борича хабар берамиз", дейилади авиаширкат баёнотида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Йўловчиларнинг асосий қисми индонезиялик, уч жанубий кореялик, бир малайзиялик, бир сингапурлик фуқаролар рўйхатга олинган.

Баъзи хабарларга кўра, Малайзия учоғи фавқулодда қўнган бўлиши мумкин. Бу тахмин йўловчилардан бирининг кариндоши телефонига хат келганидан кейин тарқалган. Хабарда гуё учоқдаги ҳамма йўловчилар тирик экани айтилган. Бироқ бу хабарлар расман тасдиқланмаган.

1994 йилда тузилган AirAsia шу пайтгача бирор учоғини йўқотмаган ва дунёдаги энг ривожланган ширкатлардан ҳисобланади.

Бироқ шу йилнинг ўзида Малайзия Ҳаво йўлларига тегишли икки йирик учоқ ҳалокатга учради. 8 мартда "Боинг" учоғи Ҳинд уммони устида ном-нишонсиз ғойиб бўлди, бир неча давлат иштирокидаги қидирув ишлари самарасиз тугади.

17 июлда бортида 300 га яқин йўловчи билан иккинчи учоқ Донбасс устида қулаб тушган эди. Текширишлар учоқ уриб туширилганини кўрсатган. Украина шарқида урушаётган томонлар учоқ ҳалокатида бир-бирларини айблашган, бироқ Малайзия учоғига урилган ракетани ким отгани ҳозирча номаълум қолаяпти.

Икки учоқ ҳалокатида жами 537 инсон ҳалок бўлган.

Охирги хабарларга кўра, Малайзиянинг яна бир учоғи техник носозлик туфайли аэропортга қайтиб қўнган.

Airbus A320-200 учоғини қидириш ишлари якшанба куни натижасиз тугаган. Амалиётлар эрталабгача тўхтатилгани хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002