НАТО Афғонистондаги миссиясини расман тугатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғонистондаги Шимолий Атлантика блоги ўзининг 13 йиллик ҳарбий миссиясини расман тугатилганини билдирди. Бундан кейин, 1 январдан бошлаб Алянснинг Афғонистонда қолган вакиллари вазифасига афғон ҳарбийларини ўқитиш ва маслаҳат бериш киради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

28 декабр куни Кобулдаги халқаро кучлар идорасида НАТО байроғи туширилган ва аъзо давлатларнинг "Қатъий дастак" деб номланган янги миссия байроғи кўтарилган.

"Биз Афғон халқини зулмат ва қурқув ичидан олиб чиқдик ва уларга келажакка умид бердик", деб айтган маросимда қатнашган генерал Жон Кэмпбелл .

НАТОнинг толиблар режимини ағдариш ва Ал-Қоида тайёргарлик базаларини яксон қилиш амалиётлари 2001 йил 11 сентябр терактларидан кейин бошланиб, 13 йил давом этди.

АҚШ ва Афғонистон ҳукуматлари ўртасидаги келишувга биноан, Америка зарур бўлганда, мамлакатда исломий жангариларга қарши мустақил курашиш ҳуқуқини сақлаб қолди. Алянсга аъзо қолган Ғарб давлатлари фақатгина маҳаллий ҳарбийларни ўқитиш имконига эга бўладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Биз Афғонистон озодлиги учун кечган оғир жангларда ҳалок бўлганларнинг хотирасини ёдга оламиз. Бизнинг олдимизда турган мураккаб вазифада биз ғалаба қозонамиз", деган шунингдек Кэмпбелл.

НАТО Бош котиби Йенс Столенберг таъкидлашича, бундан кейин Афғонистон хавфсизлиги тўлиқ 350 минг маҳаллий ҳарбий ва полициячилар қўлига ўтади. Шу билан бирга, ҳамкор давлатлар уларга маслаҳат бериш учун мамлакатда қоладилар.

Кобулдаги Би-би-си мухбирига кўра, ҳарбий миссияга 13 йил тўлган бўлсада, Толибон ҳамон фаол, айниқса охирги пайтларда жангарилар бир нечта йирик ҳужумларни амалга оширганлар.

2014 йил Афғонистонда энг қонли бўлгани қайд этилган, толиблар билан тўқнашувларда камида 4600 афғон ҳарбийлари ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2001 йилдан буён НАТО ўзининг 3500 ҳарбийсини йўқотган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ