Индонезия: йўқолган учоқнинг йўловчилари жасадлари топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Индонезия қутқарувчилари хабар беришларича, AirAsia ширкати учоғи йўқолгани тахмин қилинган ҳудудда бир нечта жасад топилган.

Жасадлар ҳарбий кема бортига чиқариб олинган. Айтилишича, уларда қутқарув костюмлари бўлмаган.

Бундан олдин учоққа тегишли 10 дан ортиқ катта-кичик буюмлар топилгани хабар қилинганди.

Қидирув Ява денгизи ҳудудидаги Калимантан ва Ява ороллари ўртасида олиб борилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жасадлар учувчилар ер билан охирги марта алоқага чиққан жойдан 10 км масофада топилган.

Қутқарув амалиёти раҳбари Бамбанг Сулистионинг Би-би-сига билдиришича, топилган буюм ва жасадлар AirAsia учоғига кегишли эканига 95 фоиз ишонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Йўловчиларнинг яқинлари бунинг акси бўлишини умид қилаётганларини айтганлар Би-би-сига.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

AirAsia ширкати раҳбари Тони Фернандес ҳалок бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ўзининг қайғусини сўз билан таърифлаш оғир деган.

Малайзия Бош вазири Нажиб Раззоқ ҳам ҳалок бўлганларнинг яқинларига бутун Малайзия халқи номидан ҳамдардлик билдирган.

Ява денгизида бошланган қидирув ишларига бир неча мамлакат қўшилган.

Индонезия Президенти Жоко Видодо қидирув ишларини шахсан назорат қилиш учун Калимантанга борган.

28 декабр куни Индонезиянинг Сурабай шаҳридан Сингапурга йўналган Аэробус А320-200 учоғи парвоздан 42 дақиқа ўтгач, радарлардан ғойиб бўлган эди.

Учоқ бортида 17 бола дохил 155 йўловчи ва етти экипаж аъзоси бўлганлар.

Йўловчиларнинг асосий қисми индонезиялик, уч жанубий кореялик, бир малайзиялик, бир сингапурлик фуқаролар рўйхатга олинган.

Олдинроқ Индонезия қидирув-қутқарув ишлари раҳбари учоқ денгиз остида бўлиши мумкинлиги эҳтимолини билдирганди.

AirAsia авиаширкатининг QZ8501 номерли учоғи Жакартада ер билан алоқадан узилган.

Алоқа йўқолишидан аввал учоқ Ява ва Калимантан ороллари ўртасидаги Ява денгизи устида бўлган.

Учоқ экипажи 10,500 м баландликда диспетчерлардан қуюқ тумандан чиқиб олиш учун яна икки км баландликка кўтарилишни сўраган.

Индонезия расмийларига биноан, учоқ бирор бир фожеа сигналлари бермаган.

Фожеага нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ