Ака-ука Навальнийларга 3,5 йил муддат берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Москванинг Замоскворецкий маҳкамаси ака-ука Алексей ва Олег Навальнийларни "Ив Роше" ширкати иши бўйича айбдор деб топган.

Ҳакам Елена Коробченко Навальнийларнинг ҳар бирига 3,5 йилдан муддат берган. Бироқ Алексей Навальнийга шартли жазо тайинланган.

Ака-укалар "Ив Роше Восток" ширкатининг 26 млн рубл маблағини ўзлаштирганликда ва товламачиликда айбланганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзининг оқланишини кутиб турган Олег Навальний бу ҳақда залдаги яқинларига ҳам гапирган. Ака-укаларнинг дастлаб кайфиятлари кўтаринки бўлган.

Шу боис судланувчилар чиқарилган ҳукмдан ҳайратда қолганлар.

Алексей Навальний ҳукмни "пасткашлик" деб атади.

Олег Навальний маҳкама залининг ўзида қўлига кишан солиб, панжара ичига киритилган. Алексей ҳукм кучга киргунга қадар уй қамоғида қолиши айтилган.

Ҳакамнинг ҳукм ҳақида сўровига нисбатан Алексей "Йўқ тушунарли эмас. Бу қандай аҳмоқгарчилик?! Нима учун қамаяпсиз? Шу йўл билан мени жазоламоқчимисиз?"- деб жавоб берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

"Бу энг жирканч ва пасткаш ҳукм. Биз ҳозир ҳукумат ўзининг сиёсий мухолифларигина эмас, уларнинг қариндошларини ҳам атайлаб қийнаб, азоблаб, йўқотишига гувоҳ бўляпмиз", дейди Навальний журналистларга уй қамоғига олиб кетилишидан бир неча дақиқа олдин.

"Ҳукумат бегуноҳ одамларни ушлаб, қийноқларга солишини тўхтатмагунча барчани кўчага чиқишга чақираман", деган у.

Олег Навальнийнинг адвокати Кирилл Полозов мижозини ҳибсга олинганига қарши шикоят аризаси берган.

"Алексей Навальнийга бу билан яна бир бор огоҳлантириш беришди, акасини гаровга олишди", дейди ҳимоячи Резний ҳукм ҳақида.

Россия ҳукумати Олег Навальнийни гўё гаровга олгани ҳақида кўплаб мухолифат аъзолари ҳам оммавий ахборот воситалари ва интернет ижтимоий тармоқларида фикр билдиришмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Охирги хабарларга қараганда, Манежная майдонида мухолифатнинг маҳкама ҳукмига қарши норозилик акциясида Алексей Навальний ушланган.

Ҳукмлар

2013 йил июл ойида ҳам аксил-Путин намойишларига бошчилик қилган Алексей Навальный ўғриликда айбдор деб топилган ва беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди. Унинг ўзи маҳкама иши асосида сиёсий сабаблар ётганини айтган.

Жаноб Навальный Киров ҳокими Никита Белыхнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган даврида "Кировлес" ширкатидан 500,000 доллар ўғирлаган гуруҳга бошчилик қилишда айбдор деб топилганди. Бироқ орадан бир неча кун ўтгач, маҳкама Навальнийга шартли жазо тайинлаб, қамоқдан озод қилган.

"Ив Роше" ишига асос бўлган ҳодисалар аслида Кировлес бўйича очилган жиноят ишдан олдин, яъни 2008-2012 йилларда бўлиб ўтган.

Навальный жаноблари бундан олдин Россия президентлигига ўз номзодини қўйиш истагини изҳор этганди. Келгуси сайловлар 2018 йилга мўлжалланган.

Навальный ўзига қўйилган айбловларни буткул рад этган, ва мазкур маҳкама иши уни сиёсатдан четлатишга қаратилганини иддао қилган.

"Биз ҳаммамизнинг мулкимизни ўғирлаётган бу феодал жамиятни йўқ қиламиз", - деб айтган у.