AirAsia ҳалокати: икки йўловчининг жасади Сурабайга етказилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

AirAsia ширкатининг ҳалокатга учраган учоғи дастлабки қурбонлари Индонезиянинг Сурабай аэропортига қайтарилган. Сурабайда марҳумларнинг қариндошлари йиғилишган.

Жасадларнинг кимлигини аниқлаш учун ДНК ташҳисидан ўтказилади.

Сурабай аэропортига яқин ДНК олиш чодири тикланган.

Бортида 162 йўловчи билан Сурабайдан Сингапурга йўналган учоқ якшанба куни бедарак кетган, қутқарув ишлари натижасида учоқ қолдиқлари ва бир неча жасадлар сешанба куни Ява денгизидан топилгани хабар қилинганди.

Расмийларга кўра, ҳозиргача етти жасад топилган, ёмон об-ҳаво шароити қутқарув ишларини ўтказишга тўсқинлик қилмоқда.

Чоршанба куни кечқурун Сурабайда оммавий мотам ўтказилади, Янги йил маросимлари бекор қилинган.

Учоқда 18 бола дохил, 137 йўловчи, икки учувчи ва беш стюардесса бўлган.

Ҳозиргача учоқ ҳалокатига нима сабаб бўлгани аниқ эмас. Экипаж командири охирги марта қуюқ тумандан чиқиб олиш учун диспетчерлардан юқорига кўтарилишни сўраган. Бироқ шундан кейин алоқага чиқмаган.

Индонезиянинг Борнео ҳудудида топилган бошқа жасадлар ҳам жўнатишга тайёрланаётгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кучли шамол ва ёмғир жасадларни денгиздан олишни қийинлаштирмоқда.

Метеорологларга кўра, жума кунгача кучли ёмғирлар тинмаслиги мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ