Японияда туғилиш даражаси пасаймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

2014 йилда Японияда туғилиш рекорд даражада пасайди, дея таъкидланади Япония Соғлик вазирлиги хабарида.

Узоқ шарқдаги бу ўлкада 2014 йилда 2013 йилга нисбатан 9 мингта камроқ чақалоқ дунёга келган.

Туғилиш тўрт йилдан буён озайиб бораётгани хабар қилинади.

Айни дамда Японияда ўлим ҳоллари ортишда давом этиб, ўтган йилнинг ўзида 1.3 миллионни ташкил этди.

Баъзи ҳисоб китобларга кўра, 2050 йилга бориб Япония аҳолиси бор-йўғи 97 миллионга тушиб кетиши мумкин.

Бу кўрсаткич бугунги аҳоли сонига нисбатан 30 миллион кам деганидир.

Мутахассислар огоҳлантиришича, аҳоли сонининг озайиши Японияга ҳар томонлама зиён етказади.

Меҳнатга лаёқатли - 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳоли сонининг озайиши Япония ялпи ички маҳсулотини тушириб юборади.

Бу ўз навбатида нафақа тизими ва ижтимоий ҳимоянинг бошқа тармоқларига зиён етказади.

Аҳвол ўзгармас экан Япония қишлоқ аҳолиси сони озайиб, баъзи ҳолларда, бутун бошли қишлоқлар кимсасиз қолиши башорат қилинмоқда.

Туғилиш суръатининг пасайиши, Япония Соғлик вазирлигига кўра, амалда ёш болалар сонининг озайишини англатади.

Японияда кекса ёшдаги фуқаролар илк бор мамлакат аҳолисининг 25% фоизини ташкил этган.

Япония ҳукуматининг огоҳлантиришича, 2060 йилга бориб ёши 65га етган ёда ундан ортганлар сони Япония аҳолисининг 40% га етиши мумкин.