Йўқолган AirAsia учоғини қидираётганлар "иккита катта қисм"ни топдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Индонезия расмийларининг маълум қилишларича, Ява денгизи узра ўтган якшанба куни йўқолган AirAsia QZ8501 учоғини қидириш ишлари жараёнида "икки йирик бўлак" топилган.

Қидирув ишлари учун масъул агентлик раҳбарига кўра, ушбу икки бўлакнинг суратини олиш учун сув остига махсус ускуналар туширилмоқда.

Лекин ёмон об-ҳаво шароити ва денгиздаги тўлқинлар ушбу амалларга тўсқинлик қилмоқда.

Топилган бўлаклар учоққа тегишли эканлиги ҳозирча ўз тасдиғини топмаган.

Учоқ Индонезиянинг Сурабая шаҳридан Сингапур томон йўл олган вақти бортида 162 киши бор эди.

Шу вақтгача улардан 30 кишининг жасадини денгиздан чиқариб олишган.

Тахмин қилинишича, жасадларнинг аксари сув остида ҳануз учоқ бортида бўлиши мумкин.

Учоқ ҳалокатга учраган, дея тахмин қилинган ерда ҳозирда икки АҚШ кемаси дохил қатор кемалар қидирув ишларини олиб бормоқдалар.

Фожеага нима сабаб бўлгани ҳануз номаълум.

Охирги хабарларга кўра, AirAsia ширкати Сурабая-Сингапур йўналиши бўйича якшанба кунлари учиш рухсатига эга бўлмаган экан. Бу каби рухсат ширкатга фақтгина ҳафтанинг бошқа тўрт куни учун берилган.

Индонезия Транспорт вазирилигига кўра, ҳозирда ширкатнинг бу йўналишдаги ҳамма бошқа парвозлари тўхтатилган.

AirAsia шу вақтгача ўта хавфсиз ширкат ҳисобланиб, ўтмишда биронта ҳам нохуш ҳодисага юз тутмаганди.