"Ал-Қоида"га алоқадор кўрилган шахс АҚШ ҳисбхонасида вафот этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи FBI

1998 йилда Кения ва Танзаниядаги АҚШ элчихоналарини портлатишни режалаштиришда айбланган шахслардан бири Ню-Йоркда маҳкама бошланишидан бир неча кун олдин вафот этган.

Абу Анас ал-Либий ҳимоячисининг айтишича, унинг ҳимояси остида бўлган шахс соғлиғи бирдан ёмонлашган.

Ал-Либийнинг жигар саратонидан азият чеккани хабар қилинади.

У 2013 йилда Ливияда Америка махсус кучлари томонидан ушланган эди.

Ёши элликда бўлган Абу Анас ал-Либий жума куни шифохонада оламдан ўтди, деб хабар беришган унинг оила аъзолари ва ҳимоячилари.

Жаноб ал-Либий 2013 йил октобр ойида АҚШ махсус кучларининг Триполида ўтказган амалиёти чоғида қўлга олинганди.

У бир ҳафтадан кейин 1998 йилда Кения ва Танзанияда Америка элчихоналарига содир этилган ҳужумлар юзасидан маҳкамада ҳозир бўлиши керак эди.

Америка элчихоналарида содир этилган мазкур ҳужумларда 220дан зиёд инсон ҳалок бўлганди.

Асл исми Назиҳ Абдулҳамид ал-Рукаий булган жаноб ал-Либий ҳозирга қадар унга кўйилган терроризм айбловларига иқрор бўлмаган.

Унинг турмуш ўртоги, Ум Абдуллоҳ, АР хабар агентлигига кўра, Америка ҳукуматини "бегуноҳ инсонни ўғирлаш, ёмон муносабатда бўлиш ва ўлдиришда" айблаган.

Ум Абдуллоҳга кўра, унинг эри жигарида ўтказилган амалиётдан кейин вафот этган.

2013 йилда ҳибсга олинган пайти, жаноб ал-Либий 10 йилдан буён FBI қидирувида бўлган шахслар рўйхатининг энг бошида турарди.

Америка ҳукумати унинг бошига 5 миллион доллар муокофот пули ваъда килган.

У 2000 йилда Ню Йоркдаги Олий ҳакамлар хайъати томонидан айбдор, деб топилганди.

Ливия ўз ҳудудида Америка махсус кучлари ўтказган амалиёт юзасидан эътироз билдириши ортидан Америка давлат котиби Жон Керри амалиёт тафсилоти юзасидан изоҳ беришга мажбур бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer