'Афғонистонда бирорта ҳам хориж аскари қолмаслиги мумкин'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг айтишича, агар шароит имкон берса, қолган хорижий иттифоқ қўшинлари 2016 йил охиригача афғон тупроғида ушлаб турилмаслиги мумкин.

Ўзбекистон дохил минтақа давлатлари эса, хорижий кучларнинг Афғонистонни буткул тарк этишидан хавотирда.

Президент Ғани бу ҳақда Американинг CBS телевизион каналига берган суҳбати чоғида билдирган.

Айнан афғон раҳбари ва расмий Вашингтон ўртасида ўтган йил охирида имзоланган муҳим хавфсизлик битими эса, 13.000 га яқин хорижий иттифоқ қўшинлари ва улар қатор ҳарбий базаларининг Афғонистонда 2016 йилнинг сўнггига қадар қолишларини кўзда тутади.

Афғонистон собиқ президенти Ҳомид Карзай ушбу келишувни имзолашни қарийб бир йилча ортга сурган, мазкур ҳолат икки давлат орасидаги муносабатларга жиддий нифоқ солганди.

АҚШ раҳбарияти эса, расмий Кобул сўзларига қулоқ тутмаса, шу йил бошига қадар Афғонистонда бирор бир ҳарбийлари қолмаслиги билан таҳдид ҳам қилганди.

Шу боис ҳам, ўтган йил сентябр ойида Афғонистонда иқтидорга келиши ортиданоқ мазкур битимни имзолаши янги афғон президентининг катта ютуғи сифатида баҳоланганди.

Афғон тупроғида қолиши режаланган қўшиннинг аксариятини эса, АҚШ ҳарбийлари ташкил этишади.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ва ярим йиллик сайлов бўҳрони сабаб, бутун Афғонистон бўйлаб Толибон ва унинг иттифоқчилари қайта фаоллашишга муваффақ бўлишаркан, ҳар икки томон ҳам чет эллик ҳарбийларнинг афғон тупроғида камида икки йил қолишлари муҳимлигини урғулашганди.

Орада АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистонда қолажак хорижлик ҳарбийларнинг ваколатларини ҳам кенгайтирган, ўзларига хавф солган тақдирида, толибларга қарши жанг олиб боришларига ҳам изн берганди.

Бугунга келиб, президент Ғанининг ўз телевизион суҳбатида айтишича, ана шу хавфсизлик битимида кўзда тутилган муддат "қайта кўриб чиқилиши" мумкин.

Афғонистон раҳбарига кўра, "якуний муҳлат, дегани - қотиб қолган нарса бўлмаслиги керак".

Шундай экан, президент Ашраф Ғанининг бугунги мавқеи нимани англатади? - Туркиядан сиёсий таҳлилчи, собиқ афғон дипломати Абдулсалом Осим бу ва бошқа саволларга мана бундай жавоб беради:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўтган йилги оммавий сафарбарликка Толибон АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг мағлубияти сифатида баҳо берган.

Ўз навбатида, "қолган ишғолчи кучларни ҳам сиқиб чиқариб, Афғонистонда соф исломий давлат барпо этишга" ваъда қилган.

"Агар, ҳар икки томон ва ёки қатор иттифоқчиларимиз ўз олдларига қўйган мақсадларини уддалашса ва бу ҳақиқатан ҳам самара берса, битимда кўзланган муддатни қайта кўриб чиқишга борилиши мумкин", - деб айтган жаноб Ғани.

Барак Обаманинг бундан қанчалик огоҳ экани ҳақида сўралганда эса, Афғонистон раҳбари: "Президент Обама мени билади. Буни бир-биримизга айтиб ўтиришимизнинг ҳожати йўқ", - деб жавоб берган.

Хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги йилларда Афғонистон масаласига тез-тез эътибор қаратаётган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам яқинда қилган чиқишида оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, хорижий иттифоқ қўшинларининг афғон тупроғида қолишлари муҳимлигини урғулаганди.

Ўзбекистон раҳбари қўшни Афғонистондаги воқеаларнинг ривожи буни тақазо этишини баён қилганди.

Расмий Тошкент хорижий иттифоқ қўшинлари буткул чиқиб кетишса, шундоққина биқинларида жойлашган Афғонистоннинг бангивор, турли экстремистик гуруҳлар уясига айланиши ва фуқаролар уруши гирдобига ботишидан хавотирда.

Ўзбекистон томони Афғонистондаги беқарорликлар ортидан толибларнинг қудратга келиши ўз мамлакати билан боғлиқ экстремист гуруҳларнинг жонланишига сабаб бўлишидан ҳам жиддий ташвишда.

Сўнгги йилларда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ишғоли ортидан, Афғонистондан Покистонга қочиб ўтган ва Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳаракат яқинда ҳозир дунёдаги "энг бойи ва қудратлиси", деб кўрилувчи Ироқ ва Суриядаги "Исломий Давлат" гуруҳини дастаклашини ҳам расман баён қилган.

Ҳаракат ҳозир Афғонистоннинг айнан Ўзбекистонга туташ шимолий минтақаларига қайтиш ва ҳатто, Қундуз каби вилоятларида ўз қароргоҳларини тиклашгача боргани айтилади.

Афғонистонда Толибон тузуми амалда бўлган 90-йиллар ўрталарида расмий Тошкентнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлган гуруҳ, айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, бугун Марказий Осиё ва Афғонистон чегарасида янги базаларини ўрнатишга уринмоқда.

Жумладан, асли покистонлик таҳлилчи Аҳмад Рашид Афғонистон билан қарийб 2.000 чақиримлик чегарага эга эканликларини назарда тутиб, таҳдид қаршисида энг заиф мамлакатлар - Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон, дейди.

Таҳлилчига кўра, улар Тожикистон жануби, Покистон шимоли-ғарбидаги чегара ва Афғонистон шарқига осонгина қўл узатиш мумкин бўладиган йирик ҳудудни эгаллаб олиш истагидалар.

Президент Каримов эса, сўнгги чиқишларида Афғонистондаги вазият Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ҳам жиддий хавотир билдира бошлаган.

Афғонистонда қолган хорижий иттифоқ қўшинлари Бош қўмондони генерал Жон Кэмпбелл эса, президент Ғани билан баробарига қилган чиқишида афғон хавфсизлик кучларига ишонишини айтган.

Афғонистон Сурия ва Ироқдагисига ўхшаб, жангари гуруҳларнинг қўлларига ўтиб қолмаслигига ишончи комиллигини билдирган.

Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботида айтилишича, айнан хорижий иттифоқ қўшинлари сафарбарлиги билан кечган 2014 йил Афғонистон учун энг қонлиси бўлган.

Толибон дохил турли исёнчи гуруҳларга қарши курашда 5 мингга яқин афғон ҳарбийси ҳаётдан кўз юмган.

'Ҳарбий танлов иш бермайди'

Расмий Тошкент, йилларки, афғон можаросининг ечимида ҳарбий танлов иш бермаслиги ва фақат тинчлик музокаралари якуний йўл бўлишини урғулаб келади.

Жумладан, Ислом Каримовнинг чиқишларига таянилса, Афғонистондаги турли мухолиф гуруҳлар бир муросага боришлари ва мамлакатдаги барча йирик миллат вакилларини ўз ичига олган ҳукумат тузилиши лозим.

Ўзбекистон тарафининг ишонишича, томонлар музокараларга бирор бир шартларсиз боришлари, акс ҳолда жараён чиппакка чиқиб, танглик янада кучайиши ва олди олиниши лозим бўлган қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин.

Ўз ўрнида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, барча манфаатдор томонлар, жумладан, қудратли Ғарбнинг ҳам ўтган 13 йил давомида, ҳатто, айрим шартларига кўнган ҳолда Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари деярли самара бермаган.

Шартсиз музокараларга эса, ҳаракат шу пайтгача бирор бир рўйхушлик кўрсатмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALAMY

Сафлари тарқоқ экани айтилишига қарамай, Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар афғон тупроғида бирор бир хорижий аскар қолар экан, умуман музокараларга бормаслигини айтиб келади.

Ўзбекистон президенти ўтган йилги чиқишларида Афғонистондаги сўнгги президентлик сайловлари жарбдийда афғон халқига тинч ҳаёт эшигини очишига ҳам умид билдирганди.

Жаноб Каримов ҳар гал Афғонистон борасида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат берадиган ишларни қилишларини алоҳида таъкидлаб келади.

Президент Ислом Каримовнинг урғулашича, Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишади ва у ерда мухолифатда бўлган бирор бир гуруҳни қўллаш ниятлари йўқдир.

Ўзбекистон раҳбарининг урғулашича, Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатда бўлишган ва бундан кейин ҳам худди шу тариқа йўл тутишади.

Сўнгги йилларда Афғонистон масаласига бир неча бор тўхталиб ўтган президент Каримов, ҳатто, энг қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини ҳам таъкидлаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ