Россия 'Исломий Давлат'ни террорчи деб топди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бундай қарорга Россия Олий маҳкамаси келган.

Олий маҳкаманинг бу каби қарори ортидан, "Исломий Давлат" гуруҳининг фаолияти Россияда расман тақиқланган.

"Исломий Давлат" билан бирга "Жабҳат ал-Нусра ли-Аҳл аш-Шом" (Сурия Аҳлини Ҳимоя Қилиш Жабҳаси) гуруҳи ҳам Россиянинг "қора рўйхати"га тушган.

Бу гуруҳ ҳам Россия Олий маҳкамаси томонидан "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган, унинг Россияда бирор бир кўринишда иш олиб бориши қонунан ман этилган.

Хабарларга кўра, бундай сўров билан Россия Олий маҳкамасига мамлакат Бош прокуратураси мурожаат қилган.

Россия Бош прокуратураси Олий маҳкамадан бу икки гуруҳни "террорчи", деб эълон қилишини сўраган.

Икковлон сўнгги йилларда Яқин Шарқдаги энг жанговар жиҳодчи гуруҳлардан саналишади.

Ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигини эълон қилган “Исломий Давлат” эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан “энг бойи” ва қудратлиси сифатида эътироф этилмоқда.

Жорий пайтда бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.

Маҳаллий фаолларга кўра, "Исломий Давлат" ўтган ярим йил ичида биргина Суриянинг ўзида икки мингга яқин кишини отиб ташлаган, бошини танасидан жудо қилган ва тошбўрон қилиб ўлдирган.

Диний ва миллий озчиликларга қарши шафқатсиз қатағонларга қўл урган.

Худди шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, Россия - бу икки гуруҳни "террорчи", деб эълон қилган биринчи МДҲ давлати бўлади.

Россия ва "Исломий Давлат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи petrovka38.ru

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитасининг яқинда эълон қилган маълумотларига таянилса, шу кунларда 800 дан 1500 тагача россиялик “Исломий Давлат” гуруҳи сафларида жанг қилаётган бўлиши мумкин.

Бундан аввал Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон мулозимлари Сурия ва Ироқдаги бу гуруҳга қўшилган фуқароларининг сони юзлаб экани ҳақида айтиб чиқишганди.

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитаси вакилларига кўра, жорий пайтда “Қофқоз Амирлиги”(“Имарат Кавказ”) ва “Ҳизб ут-Таҳрир” тарафдорлари “Исломий Давлат” сафларида ўзларининг жанговар салоҳиятларини оширишмоқда.

Россиялик масъулларнинг айтишларича, улардан бир қисми ортга “аниқ вазифа ва мақсад” билан қайтишади.

Агар, уларнинг сўзларига таянилса, фуқаролари интернет орқали исломий жангарилар сафларига ёлланишмоқда.

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитаси вакили Андрей Пржездомскийнинг маълум қилишича, интернетда экстремистик ғояларни тарғиб этиш билан шуғулланувчи 10000 га яқин портал бор.

Жаноб Пржездомскийга кўра, ҳозирга келиб, интернетга нафақат диний ваъзлар, балки одамларни жангариликка ўргатувчи йўл-йўриқлар ҳам юкланмоқда.

Россиялик масъулларнинг баён қилишларича, сўнгги йилларда шундоқ ҳам жангариларнинг кўплаб лидерларини ўлдиришган. Турли экстремистик гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни издан чиқаришга муваффақ бўлишган.

Агар, улар келтирган маълумотларга таянилса, биргина жорий йилнинг ўзида Шимолий Қофқозда етмишдан ортиқ аксилтеррор амалиётлари ўтказилган. Жангари экани тахмин этилган 243 шахс ўлдирилган.

"Исломий Давлат" ва глобал жиҳод

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Айрим таҳлилчиларга кўра, бундан кейин ҳам бутун дунёдан жиҳодчиларнинг Ироққа йиғилиш тенденцияси борган сари кучайиб боради ва яқин йиллар ичида асосий кураш нуқтаси ҳам ана шу Ироқ бўлади.

Уларнинг айтишларича, “Исломий Давлат” эълон қилган жиҳод, гуруҳнинг глобал Исломий халифат барпо этиш ғояси, Ғарбга қарши мавқеи ва бу йўлда эришаётган ютуқлари радикал қарашдаги инсонларни ўзига жалб этишда давом этади.

Айрим минтақа давлатлари эса, худди шу манзарада аллақачон ўз фуқароларининг “Исломий Давлат” назорати остидаги ҳудудларга сафар қилишларининг олдини олиш йўлида қатор чора-тадбирларга ҳам қўл ура бошлашган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бутун МДҲ давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб “Исломий Давлат”ни дастаклашини ошкора баён этган жангари гуруҳлардан бири бўлади.

Бошқа томондан, айрим таҳлилчиларга кўра, агар, минтақадаги бошқа исёнчи гуруҳлар ва қўмондонлар ҳам "Исломий Давлат” гуруҳини танлайдиган бўлишса, бу – Ўзбекистоннинг шундоққина биқинидаги Афғонистон ва Покистонга энг аввало шафқатсиз жанг усулларининг кириб келишига замин яратади.

Яқинда Россия ва Ўзбекистон олиймақом музокаралари якунида Президент Путин билан матбуот брифингида гапирган Президент Каримов "Исломий Давлат" гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб кираётгани ва мавжуд вазият тегишли чоралар кўришни тақозо этишини баён қилганди.

Сўнгги ойларда жаноб Каримов Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан, қўшни Афғонистондаги вазият Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ошкора хавотир билдира бошлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ