Берлин:Янги жазо чоралари Россияда “хаос” келтириб чиқариши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Берлинга кўра, янги жазо чоралари Россияни пароканда қилиши мумкин...

Россияга нисбатан жазо чораларининг кучайтирилиши мамлакатдаги вазиятни яна ҳам беқарорлаштириши ва “хаос” яратиши мумкин.

Бу ҳақда Олмония вице-канцлери Зигмар Габриэл баёнот берган.

"Биз Украинадаги зиддиятни бартараф этмоқчимиз, зинҳор Россияни тиз чўктириш ниятимиз йўқ», деб айтган у Bild am Sonntag газетаси билан суҳбатда.

Франса президенти Франсу Олланд эса Украина шарқидаги инқирозни ечиш йўлида ҳаракатланса ва бу йўлда тараққиётга эришса, Россияга нисбатан Ғарбнинг жазо чоралари олиб ташланиши эҳтимоли бор деган фикрда.

Берлинда Украина, Россия, Олмония ва Франса ташқи ишлар вазирлиги мулозимлари учрашуви ўтиши керак.

Россия Қримни ўз таркибига қўшиб олар экан, АҚШ,Оврўпо Иттифоқи ва бошқа бир қатор давлатлар Москвага нисбатан жазо чораларини ўрнатишган эди.

Бу чораларнинг энг кескинлари эса Украина шарқида кенг миқёсда ҳарбий амалиётлар бошланганидан кейин жорий этилганди.

Ғарб Россияни Украинадаги бўлгинчиларга ҳарбий ёрдам беришда ва Донбассдаги зиддиятга ҳарбий аралашувда айблайди.

Москва эса бу айбловларни рад этиб келади.

Айни пайтда Россия рубли молия бозорлари очилар экан, яна доллар ва еврога нисбатан қийматини йўқотган.

Долларнинг нархи 59,35 рубл, евро эса 71,95 рублга ўсган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ