Дрезденда 18 минг одам исломийлашишга қарши намойиш қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оврўпонинг исломийлашиб бораётганини даъво қилаётган ва уларга қарши чиқаётган тарафлар душанба кечасида бутун Олмония бўйлаб кўп сонли юришларини амалга оширганлар.

Дрезден шаҳрида анъанавий тадбирга айланиб улгурган - Исломийлашишга қарши намойишга бу сафар рекорд сонли 18 минг одам чиққан.

Айни шаҳарда уларга қарши чиқиш қилганлар сони эса 3 минг киши бўлди.

Берлин, Кёльн, Дрезден ва Штутгарт шаҳарларида ўтган юришларда минглаб одамлар иштирок этишди.

Берлинда "Оврўполик ватанпарварлар Ғарбнинг исломийлашишига қарши" (PEGIDA) номли анъанадор ҳаракатнинг бир неча юз иштирокчисининг йўлини 5 минг нафарча одам тўсиб олди.

Бу ташкилот Дрезденда исломийлашишга қарши норозилик намойишларини ҳар ҳафта уюштиришни бошлаган.

Бу намойишларда "Маданиятимизни сақлаб қолиш учун", "Диний фанатизмга қарши" ва "Немис заминида диний урушларга қарши" номли шиорлар кўтариб олинади.

Олмон матбуотига кўра, Штутгарт, Мюнстер ва Гамбургда PEGIDAга қарши 22 минг одам намойиш қилган.

Чироқсиз собор

Кёльн шаҳри ҳокимияти, ўз ваъдасига содиқ қолган ҳолда, шаҳардаги бош соборнинг ташқи чироқларини ўчириб қўйган. Шунингдек, унинг ёнидаги майдон ва марказий кўчалардаги чироқлар ҳам ўчирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ундан ташқари, барча давлат идоралари чироқлари ҳам ўчириб қўйилган. Шаҳар ҳокимияти бу билан PEGIDA тарафдорларига ўз норозилигини изҳор қилган.

"Бу протест эмас, лекин анъанадор қарашларга эга бўлган насронийларни нима қилаётганлари ҳақида ўйлаб кўришга мажбур қилишни истардик", - деди Кёльн соборининг бош руҳонийси Норберт Фелдхоф.

Чироқлар ўчириб қўйилиши ортидан Кёльндаги аксилисломий юриш ташкилотчилари тадбирни бекор қилишга қарор қилганлар.

Аксилисломий юришга бир неча юз киши қўшилган бўлса, уларга қарши 2 мингга яқин одам намойиш қилган.

Кёльн ҳокими одамлар "асоссиз ксенофобия"га қарши чиққанларини айтди.

Айни дамда, полицияга кўра, Берлинда 5 мингга яқин одам PEGIDAнинг 300 тарафдори йўлини тўсиб, уларнинг ҳокимият биносидан Бранденбург дарвозасига юришларига қўймаган. Шунингдек, шаҳар маъмурияти қарори билан кўчалардаги чироқлар ўчириб қўйилган.

Олмония Канцлери Ангела Меркель ўз Янги йил мурожаатида PEGIDA амалларини қоралади, ҳамда унинг раҳбарларини "бағритош" ва "дарғазаб" дея тасвирлади.

Олмониянинг Stern журнали ўтказган сўровга кўра, Олмониянинг ҳар саккизинчи яшовчиси агар ўз уйи яқинида PEGIDA исломийлашишга қарши намойиш ўтказаётган бўлса, унга қўшилишга тайёр эканини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002