Charlie Hebdo таҳририяти ҳужуми гумондорларига қидирув эълон қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Париждаги Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририятига ҳужумда гумон қилинаётган икки шахс номлари ва фотосуратлари эълон қилинган.

Франция полициясига кўра, ҳажвий журнал таҳририятига ҳужумда ака-ука Шериф ва Саид Қуаший ва Амид Мурод исмли шахслар гумон қилинмоқда.

Гумондорлардан бирининг Реймс шаҳрида истиқомат қилгани ва бу шаҳардаги хонадонларда тинтув ўтказилгани ҳақида хабар қилинган.

Полиция гумондорларнинг қариндошлари деб кўрилаётган етти кишини ҳибс қилган.

Ҳибслар Реймс, Шерлевил-Мезьер ва Парижда амалга оширилгани хабар қилинган.

34 ва 32 ёшли ака-ука Шериф ва Саид Қуашийлар фотосуратларини эълон қилар экан, полиция гумон қилинаётган шахсларнинг “қуролланган ва хавфли” эканлари ҳақида огоҳлантирган.

Шериф Қуаший 2008 йили Ироққа жиҳодий жангарилар юборишда айбланган Париждаги гуруҳга алоқадорлик билан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бир ярим йилни қамоқда ўтқазган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи elvis

Гумондаги Амид Муроднинг 18 ёшда экани, кейинроқ у ўзини полицияга топширгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган, бироқ буни расмийлар тасдиқламаганлар.

Интернет ижтимоий тармоқларида учинчи гумондорнинг дўстлари журнал таҳририятига ҳужум пайтида унинг мактабда бўлгани ҳақида ёзганлар.

Францияда Charlie Hebdo таҳририятига ҳужумда ҳалок бўлган 12 кишига мотам эълон қилинган.

Мотам куни бир қанча норозилик акциялари ва масжидларга ҳужумлар содир этилгани кузатилган. Пайшанбага ўтар кечаси Париж ғарбидаги Ле-Ман шаҳридаги масжидга номаълум кишилар шовқин гранаталари улоқтирганлар. Шунингдек, мамлакат жанубидаги Пор-ла-Нувель шаҳри масжидига қарата ўқ узилган.

Расмийларга кўра, бу ҳодисаларнинг Париждаги ҳужумга албатта алоқаси бор.

8 январ куни туш пайти бутун мамлакат бўйлаб бир дақиқа сукут сақланган.

Пойтахт Париждаги Notre Dame de Paris ибодатхонасида қўнғироқлар чалинган.

Франция Президенти Франсуа Олланд телевидениедаги чиқишида қурбонларни Франция ғоялари учун ҳалок бўлган қаҳрамонлар деб атаган.

"Бу шубҳасиз террористик ҳужумдир. Бу бизнинг эркинлигимизга ҳужумдир. Озодлигимизга ҳамла қилганларни ушлаш учун барча чоралар кўрилади ва улар қилмишлари учун албатта жавоб берадилар. Франция принципларига қарши турганларга биз муносиб жавоб қайтарамиз. Бундай қийин лаҳзаларда барча французлар жипслашишлари керак", деган Франция президенти.

Бутун Франция бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Оммавий ахборот воситалари жойлашган бинолар, диний ибодатхоналар, нақлиёт ва бошқа муҳим деб кўрилган иншоотларни қўриқлашга армия сафарбар қилинган.

Париждаги ҳодисага бутун дунёдан муносабатлар янграмоқда.

Жумладан, Тожикистон Исломий партияси ҳам Шарли Хебдо журналига ҳужумни қоралаган ва буни инсонийликка зид деб атаган.

"Ислом шиорларини ниқоб қилиб олиб, бундай ҳаракатларни амалга оширувчилар мусулмонларни ёмонотлиқ қилмоқдалар. Ислом бундай ҳимояга ва бу каби ҳимоячиларга муҳтож эмас", дейилади Исломий партия баёнотида.

Тожикистон мусулмонлари Пайғамбарга нисбатан карикатурани чоп этилишини хато ҳисобласалар ҳам, диний туйғулари ҳақоратланган инсонларни тажовуздан сақланишга чақирганлар.

Бундан олдинроқ Франциядаги асосий исломий гуруҳлар бутун мамлакат бўйлаб мусулмонларни бир дақиқалик сукутга қўшилишга даъват қилганлар ва терроризмни қоралаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ