Ява денгизида учоқ ‘қора қутиси’ овозлари эшитилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Индонезия расмийлари айтишича, Ява денгизида учоқ “қора қути”си узатадиган сигнал “эшитилган”, бу сигналлар ҳалокатга учраган AirAsia авиаширкатининг йўловчи учоғига тегишли “қора қути”дан келаётган бўлиши мумкин.

Индонезия қуролли кучлари қўмондони генерал Моэлдоконинг Би-би-сига айтишича, сигнал қайд этилган жойга ғаввослар юборилган.

“Қора қути” сигналлари эшитилган жой бундан олдин AirAsia ширкати учоғининг дум қисми топилган жойдан 300 метрча узоқликда, дея хабар тарқатган Индонезия оммавий ахборот воситалари.

Расмийларга кўра, “қора қути” учоқнинг ён қисмидан ажралиб бошқа жойга тушган бўлиши мумкин.

Бундан олдин Ява денгизи тубидан учоқнинг дум қисмини сув юзасига олиб чиқишга ҳаракат қилинган, аммо денгизда тўлқинлар кучайгани ва кўриш масофасининг ёмонлашгани ғаввосларнинг ишини имконсиз қилган эди.

Бортида 162 инсон билан Индонезиянинг Сурабайя шаҳридан Сингапурга 28 декабр тонгида парвоз қилган Airbus A320-200 йўловчи учоғи ҳавога кўтарилганидан бир соатча ўтиб радарлардан ғойиб бўлган эди.

Қидирувлар натижасида денгиздан AirAsia ширкати учоғида бўлган инсонларнинг жасадлари Ява денгизидан топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Учоқ бортидаги бирорта инсон ҳам омон қолмаган.

Учоқда 137 катта одам, 18 бола ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.

Ҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Бироқ учоқ ҳалокатга учраган пайтда ҳудудда об-ҳаво ёмонлашган ва учувчи парвоз йўналишини ўзгартиришга рухсат сўраган.

Шундан кейин учоқ билан алоқа узилган.

Йўловчи учоқлар “қора қути”лари ҳалокат пайтида шикастланмаслиги чоралари кўрилади ва сувга тушганда ҳам ишлаш қобилиятини йўқотмайдиган қилиб ясалади.

“Қора қути”даги аккумулятор 30 кун мобайнида сигнал узатишга қодир бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ