Алекс Овуми: Қаддофий жамоасида баскетбол ўйнагандим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alex Owumi
Image caption Алекс Овуми Ливияда шоҳона яшаганини айтади.

АҚШлик баскетболчи Алекс Овуми Ливиянинг Бенғози шаҳри баскетбол жамоаси билан шартнома имзолаган вақти бу жамоанинг эгаси ким-у яқин орада мамлакат уруш оғушига чўмиши ҳақида умуман ҳеч қандай маълумотга эга эмасди.

Бенғозида унга ажратилган квартира бекаму кўст ва шоҳона эди.

2010 йил 27 декабр куни Алекс "Ал-Наср Бенғози" жамоасида ўйнаш учун етиб келган вақти Тож Маҳалга қиёслаш мумкин бўлган квартиранинг ҳар ерида Муаммар Қаддофий ва унинг набиралари суратлари борлигига у қадар эътибор ҳам бермади.

Жамоа президенти билан гаплашган вақти аслида квартира Қаддофийнинг ўғли Мутассимга тегишли экани, жамоа ҳам Қаддофийларники ва мен улар учун ўйнашимни айтишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alex Owumi
Image caption Муаммар Қаддофийнинг ўзи ўйинга келганди.

"Қаддофий!" Мен Нигерияда туғилганман. Ўсмирлик давримда Муаммар Қаддофий қаҳрамон кўриларди. Мен уни Нелсон Мандела сингари Африка рамзи сифатида кўрардим. Балким ёшлик қилиб, бутун фикри ҳаёлим спорт билан бўлиб унинг қилмишларидан хабардор бўлмагандирман"...

"Жамоадаги бошқа хорижлик ўйинчилар билан машққа киришган вақтим улдарнинг кайфияти ёмон эканлигини кўрдим. Уларнинг айтишларича охирги вақтларда жамоанинг боши мағлубиятдан чиқмай қолган. Шунинг учун ўйинчиларга маош ҳам тўланмаяпти, ҳатто уларни ютмасалар калтаклашяпти...

Кўплаб ўйинчиларнинг баданларида моматалоқ ва калтак излари бор эди. Бири эса кўкарган кўзини яширишга ҳаракат қиларди.

Келгуси куни бизни ҳудди оламшумул жамоадек шахсий учоқда Триполидаги ўйинга олиб боришди.

Муаммар Қаддофийнинг ўзи ўйинга келганди. Мен уни узоқдан кўрдим. Майдон четида эса ўғли Саадий Қаддофий - мамлакатнинг спорт ишлари бўйича масуъли юрарди. У билан гаплашган вақтим жуда яхши бир инсон, спортни севувчи шахс сифатида таасурот қолдирди.

Ўйинни биз ютдик. Ечиниш хонасида шу заҳотиёқ ҳаммамизга 1000 америка долларига тенг динор солинган конверт улашдилар.

"Бу раҳбаримиздан" дейишди.

Ўша ўйиндан кейин Қаддофий оиласининг "эркатойи" сифатида менга муносабат ўзгача бўлди. На бозорда, на ресторанларда мендан ҳақ олишмасди.

Ўйинларни кетма-кет юта бошладик. Лекин мураббийимиз Шариф кўпда қайғули эди. У мисрлик бўлгани учун у ерда вазият ўзгарганидан хавотирда эди.

Мен квартирам жойлашган бино томига чиқиб уфқни тамоша қилишни яхши кўрардим. 2011 йил 17 феврал куни томга чиқсам кўчада 200-300 чоғлик намойишчилар борлигига кўзим тушди.

Кейин ҳарбий карвон пайдо бўлди. Намойишчиларга яқинлашиб келиб, огоҳлантирмай ўқ очишди.

Қий-чув-ерда сочилиб ётган жасадлар. Эй Худо, тушим бўлсайди, дея илтижо қила бошладим...

10 дақиқадан кейин отишма тўхтатди. мен квартирамга қайтиб, мураббий Шарифга телефон қилдим.

Анчадан кейин жавоб бериб, Мисрга кетаётгани, мен эса жойимда қолишим кераклиги, кимдир келиб мени олиб кетишини уқтирди.

Бошқа телефонлар жавоб бермасди. Интернет ишламасди. Темир китоб жавонига беркиниб, дуо қилишдан бошқа иложим йўқ эди.

Баъзида эҳтиёткорлик билан деразага яқинлашиб, кўчага қарардим. Биз ёш қизча отасининг жасадини судраб уйга олиб боришга ҳаракат қиларди. Унга онаси ёрдамга келди. Икковлон ҳам оғир жасадни судрай олмадилар. Кўчада ўтириб, уввос солиб йиғлардилар.

Кимдир эшикни тақиллатди. "Хорижликмисан ё ливиялик?" Америка паспортини кўрсатдим. Улар нари кетишди. 10-15 дақиқлардан кейин яна ўқ овози эшитилди. Отишма овози сўнганидан сўнг, эшикни қия очиб қарадим. Қўшним даҳлизда қонга беланиб ётарди.

Бу қўшнимни яхши билардим. 16 ёшли қизи бор эди. Баъзида унга инглиз тили ўрганишга ёрдам берардим.

Қаердандир йиғи ва ҳансираш овози келди...Эмаклаб бориб, бурчак ортига қарасам ерда Калашников автомати ётибди. Сал нарида аскар ёш қизчани зўрлаяпти...

Ғазабим қўзғаб, автоматга қўлимни чўздим. Лекин бошқа аскарлар пайдо бўлиб қуролларини менга ўқташди. Ҳозир отиб, калламни чил-парчин қиладилар, деб ўйладим.

Лекин улар мени қурол миллари билан ўқтаб уйимга олиб бордилар. Оғзимга келганини инглиз тилида айтиб, бўралаб сўкдим. Қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Орқамдан эшикни ёпишди. Ерга йиқилиб, бўкириб йиғладим.

Яратганга илтижо қилиб, телефонда қайта-қайта боғланишга ҳаркат қилишдан бошқа иложим йўқ эди.

Қўшни уйда янги туғилган чақалоқ очликдан тинмай йиғларди. Уйимда бор озиқ-овқатни уларга олиб чиқиб бердим.

Бир -икки кунда ҳаммаси ўтиб кетади, деб умид қилардим...Лекин йиғи, отишма, сиреналар туну-кун давом этди.

Емак ҳум тугади. 4-5 кунга етадиган қилиб бор сувни тақсимлаб чиқдим. У ҳам тугади.

Ҳожатхонадаги сувни ича бошладим. Ёзилгим келган вақти ҳаммомга борардим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alex Owumi

Кейин Ливия ҳаво кучлари шаҳарни қайтариб олиш мақсадида ҳаводан бомбалай бошлашди.

Шоҳона квартирадаги шоҳона нарсалар менинг қорнимни тўйдира олмасди. Очликдан тинкам қурий бошлади. Суварак ва қурт-қумурсқаларни топиб ея бошладим. Телевизорда кўрсатувлардан эсимда қолган экан, қурт-қумурсқаларни тириклайин ейилса тўйимлироқ бўлади, деганлари.

Улар оғзимда қимирларди, лекин очликдан ҳудди мазали гўшт луқмасини еяётгандек эдим.

Ўзимни ёшлигимда кўриб, бир ёнимда уч ёшлик вақтим, бошқа ёнимда 26 ёшлигим...Улар билан суҳбатлашардим. Ёшлигимда бахтлироқ эканлигимни ҳам кўрардим.

12 кундан кейин телефоним жиринглади.

Жамоадошим Мустафо экан. У ҳам шаҳарнинг бошқа бурчидаги квартирасида қамалиб қолган. Унга менинг қайлиғим Америкадан телефон қилиб, мен ҳақимда сўрабди.

Келгуси куни ҳаммамиз жамоа офисига боришимиз кераклиги, у ердан раҳбаримиз бизни мамлакатдан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилишини айтишди.

Офис менинг яшаш жойимдан унча узоқ эмас эди. Лекин менинг аҳволимда у ерга қандай боришимни билмасдим.

"Агар бора олмасам, рози бўлинглар", дедим.

Ўта холсиз бўлганим туфайли ўзим яшайдиган қаватдан пастга тушиш учун 15 дақиқа кетди. Кўчада отилган ўқлар сочилиб ётарди. Биттасини ердан олиб, "Буниси ҳам инсон танасини тешиб ўтганмикан", деб ўйладим...

Бир вақтлар кўчада бирга футбол ўйнаб юрган ёш боллара энди қўлларига ўзларидан катта автоматлар кўтариб олишганди. Ёнимга юугуриб келишди. Ҳолимни кўриб, қўлимдан ушлашди. Мен уларга қаерга олиб боришлари кераклигини бир амаллаб тушунтирдим.

Жамоа офисида бизни мамлакатдан олиб чиқишга уринишлари, лекин бу хатарли сафар бўлишини айтишди. Олти соатча Миср чегарасига қадар машинада бориш кераклигини билдиришди. Бир неча кун аввал камерунлик футболчини ҳам ҳудди шу йўлда чегарадан ўтказиб юбормоқчи бўлишган экан. Лекин назорат нуқтасида футболчи ҳаяжондан ўзини йўқотиб, қоча бошлабди. Уни отиб ўлдиришибди.

Офисда бор нарсаларни шошиб-пишиб тановвул қилиб, нарсаларимни олиш учун менга ҳамроҳлик қилиб келган "митти аскарлар" билан яна ортга қайтдим. Кўчада машина сигнали янгради. Бу бизни Мисрга олиб борувчи машина эди. Миттигина машинанинг олдинги ўриндиғида бўйи 2 метрдан ортиқ жамоадошим Мустафо ўтирарди.

Бенғозидан 15 дақиқалик йўл юриб, биринчи назорат нуқтасига дуч келдик. Қора танли бўлганимиз учун мамлакатдан қочмоқчи бўлган Қаддофийнинг ёлланма аскарлари, деб ўйлаб обдон тинтув қилдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alex Owumi
Image caption "Баскетбол менинг халоскорим".

Ҳайдовчимиз " Улар баскетболчилар, фақатгина баскетболчилар" дея тинмай уқтирарди.

Яратганнинг марҳамати билан ниҳоят бизни қўйиб юборишди. Лекин бундай назорат нуқталарининг яна 7 тасидан ўтдик. Яна обдон тинтув, тепкилар, ерга улоқтиришлар. 12 соат йўл юрдик. Агарда ҳаётимда яна ўша ҳайдовчини учратсам бисотимда борини ҳадя қиламан.

Ммср чегарасини кесиб ўтиб, қочқинлар жамлоғида Америкага кетишни кутиб турган вақтим мураббиймиз Шариф телефон қилиб қолди. Уйимга келиб, оилам билан танишиб кет, деб таклиф қилди.

Уйга ошиқиб турган бўлсам ҳам, оилам мени бу аҳволда кўрмасалар яхши, деб ўйладим. Автобусга ўтириб, Александрияга Шарифнинг уйига жўнадим.

"Мен билган Алекс бу эмас" деб мени қарши олди у.

Соқолим ўсиб кетган, тишларим чириган, кўзларим уйқусизлик ва очликдан қизариб кетган, ўта пароканда аҳволда эдим.

Лекин менинг нафақат ташқи кўринишим, менинг вжудим, қалбим ҳам ўзгариб кетганди.

Унинг оиласи мени парвариш қилар экан, Александриянинг "Эл Олимпи" жамоаси билан таништиришди. Мени энди пул қизиқтирмасди, оддий ҳаётга қайтмоқчи эдим холос.

Бутун мавсум Миср жамоасида ўйнадим. Уйга қайтмаслик қароримни онам ва қайлиғим жуда оғир қабул қилдилар.

Ниҳоят уйга борган вақтим отам комада эди...Кенжа ўғли уйга келмаётганидан қайғуриб, комага тушганди...

Менга ҳам стресс туфайли руҳий касаллик ташҳисини қўйдилар. Қайлиғим билан муносабатимиз ёмонлашди...

Бенғозидаги жамоадошларимнинг аксари мен каби кетадиган жойлари йўқ эди. Улар ортда қолиб, кўплари жангларда қатнашишга мажбур бўлдилар. Улардан бири билан ҳануз гаплашиб тураман.

Қўшни қизни ҳам излаб топишга ҳаракат қилдим. Лекин уддасидан чиқмадим.

Бошимдан ўтганларини ёддан чиқаришим керак, деб ўйладим. Лекин яқинларимнинг айтишларича, аксинча мен ҳикоямни бошқаларга етказишим керак.

Хотираларимни китоб қилиб чиқардим. Уни ёзар эканман кўплаб кўз ёшлари тўкдим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matthew Bigwood
Image caption "Лекин Яратганнинг ҳамма учун ўз режаси бор. Хоҳ чапга юр, хоҳ ўнгга барибир у чизган йўлдан юрасан".

Ливияга борганимдан афсусланмайман.

Ҳаётда ҳам, ҳудди баскетбол ўйинида бўлгани каби, баъзида ўйин юришмайди. Лекин Яратганнинг ҳамма учун ўз режаси бор. Хоҳ чапга юр, хоҳ ўнгга барибир у чизган йўлдан юрасан.

Қайлиғим билан ҳануз биргамиз. Ҳозир Англиянинг Вустер Волвес жамоаси учун ўйнамоқдаман.

Ҳануз руҳан мушкулликлар бор. Бир қарасанг бахтиёрман, бир қарасанг тушкун. Жамоадошларимга бақириб қоламан. Улар мени тушунадилар. Бунинг учун миннатдорман.

Кўзимни юмган вақтим ўтмиш онлари, 2011 йил ҳодисалари жонланади. Шунинг учун уйғоқ бўлишни афзал кўраман. Кунига атиги 4 соат ухлайман. Эрта тонгдан машққа шошиламан. Баскетбол менинг халоскорим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002