Пешовар мактаби ўқувчилари синфхоналарга қайтдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Декабр ойидаги ҳужум оқибатида 140 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган Покистоннинг Пешовар шаҳридаги мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари илк бор ўқув даргоҳига қайтганлар.

2014 йил 16 декабр куни рўй берган ҳужумдан кейин бутун Покистон бўйлаб мактаблар ёпилган, таътил кунлари узайтирилган эди.

12 январ куни мамлакатдаги мактаблар қайта очилган.

Пешовар мактабидаги қирғиндан кейин Покистон ҳукумати ўлим жазосига жорий қилинган мораторийни бекор қилди, терроризм билан боғлиқ жиноят ишлари кўриб чиқилишини тезлаштириш мақсадида ҳарбий-дала трибуналларини жорий этди.

Пешовар мактабига ҳужум Покистон Толибонининг Покистон ҳудудида содир этган энг ҳалокатли ҳужуми бўлган.

Толибон ўзининг баёнотида, бу ҳужум Покистон ҳукуматининг Шимолий Вазиристон ва унга яқин Ҳайбар минтақасини жангарилардан тозалаш мақсадида 2014 йил июн ойида бошлаган кенг миқёсли ҳарбий амалиётларига жавоб бўлди, деб айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон Исломий ҳаракати Пешовар мактабига ҳужумни “Муҳаммад Хуросоний гуруҳига алоқадор олти-етти” жангари уюштиргани ҳақида баёнот тарқатган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг “Жундурраҳмон” веб-сайтида эълон қилинган баёнотда бу ҳужум жангариларнинг аёллари ва болаларига қарши Покистон ҳукумати “жиноятлари”га жавобан “таъзир бериб қўйиш” бўлган.

Худкушлик камарларини боғлаб олган етти ҳужумчи девордан ошиб Армия Жамоатчилик мактаби ҳудудига кирганлар.

Синфма-синф кириб, ичкарида бўлганларни ўққа тутганлар.

Оқибатда 141 инсон ҳалок бўлган.

Уларнинг 132 нафари вояга етмаган бўлган.

120 дан ортиқ ўқувчи яраланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Етти ҳужумчи ҳам ўлдирилган.

Бу мактаб Покистон армияси ҳарбий қароргоҳига яқин бўлган ва мактаб ўқувчиларининг аксари ҳарбийларнинг фарзандлари бўлганлар.

Пешовар мактабига ҳужум бутун дунёда қораланди.

Бу ҳужумни Афғонистон Толибони ҳам танқид қилиб чиқди.

Ўша ҳужумдан буён Покистон бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Ҳукумат расмийларга мактаб болаларини ҳимоя қилиш учун кўпроқ чора-тадбир кўришга буйруқ берган, юзлаб ўқув муассасалари хавфсизлик назорати қайта кўриб чиқилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ