Миср: Муборакнинг охирги айблови ҳам бекор қилинди

Мисрда маҳкама собиқ президент Ҳусни Муборак ва унинг икки ўғлининг ўғрилик айбловларини бекор қилиб, янги маҳкама иши ўтказилишини буюрди.

Жаноб Муборак ўз чиқимлари учун ҳукуматдан 14 миллион доллар олганликда айбдор деб топилиб ўтган май ойида уч йилга қамалганди.

Бироқ, кассация маҳкамаси тергов жараёнларида қонунбузарликларга йўл қўйилганини аниқлаган.

Жаноб Муборакнинг адвокати Би-би-си билан суҳбатда 86 ёшли собиқ президент тез орада Қоҳирадаги ҳарбий касалхонадан озод этилишини айтди.

Ўғрилик айби жаноб Муборакни панжара ортида ушлаб турган охирги айблов эди.

Жаноб Муборакнинг 2011 йилда ўз истеъфоси билан якун топган ғалаёнларда юзлаб намойишчиларни ўлдиришга алоқадорлик айби ўтган ноябрда бекор қилинди.

Собиқ президент ва унинг ўғиллари - 53 ёшли Аъло ва 51 ёшли Гамал ҳам икки айри коррупция ишида айбсиз топилдилар.

Уйлар ва саройлар

Мисрнинг олий апелляцион маҳкамаси бўлмиш Кассация маҳкамаси сешанба тонгида ўтказилган қисқа брифингда уч кишининг ўғрилик айбловларини бекор қилгани ва янги маҳкама иши ўтказилишини буюрганини эълон қилди.

Илк маҳкама ишида прокурорлар жаноб Муборак ва унинг ўғиллари давлатнинг 100 минг Миср фунтидан ортиқ пулини шахсий харажатлари йўлида сарфлаганларини даъво қилишганди. Уларга кўра, учовлон қаллоблик билан ўз номларига ўтказиб олинган хусусий уйлар ва давлатга тегишли саройдаги коммунал хизматлар, интерьер дизайни, боғлар дизайни, мебель ва бошқа уй жиҳозлари учун давлат ғазнасидаги пулларни сарфлаганлар.

Прокурорлар даъвосига кўра, бошқа харажатлар орасида яна бир вилланинг таъмирланиши, жаноб Муборакнинг невараларидан бири яшаши учун саройга қўшиб уй қурилиши, ҳамда марҳум невараси учун зиёратгоҳ қурилиши кирган.

Прокурорлар маҳкамага тақдим қилган далил-исботлар орасида минглаб оригинал ва сохта чеклар бўлган.

Янги маҳкама ишида жаноб Муборак озод қилиниши мумкин, чунки унга қарши бошқа ҳеч қандай айблов қолмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002