Ҳужумлар қурбонлари Париж ва Қуддусда дафн этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўтган ҳафта Парижда отиб ўлдирилган одамлардан еттисининг дафн маросимлари ўтказилмоқда.

Яҳудий супермаркетида отиб ўлдирилган тўрт эркак Қуддусда ерга берилган.

Париж марказида ўтган маросимда Президент Франсуа Оллонд отиб ўлдирилган уч полиция зобитини мукофотлади.

Полиция қароргоҳида ўтказилган маросимда жаноб Оллонд Францияда энг нуфузли саналмиш Legion d'Honneur унвонини Франк Бринсоларо, Аҳмат Мерабет ва Кларисса Жан-Филипларнинг француз байроғи ёпилган тобутлари устига қўйди.

"Бу зобитлар биз озодликда яшашимиз учун жон беришди", - деди у давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган табдирда чиқиш қила туриб.

"Улар жасорат ва шараф билан ўз вазифаларини бажардилар. Улар полиция зобитлари бўлиб жон бердилар", - деди у эҳтиросларга тўла маросимда.

Қурбонлардан бири - 40 ёшли мусулмон зобит Аҳмат Мерабет ҳақида гапира туриб, жаноб Оллонд ҳужумчилар уни "қўрқоқларча қатл қилишди", деб айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Қуддусда эса Париждаги супермаркетда отиб ўлдирилган Йоав Ҳаттаб, Филип Браҳам, Йоҳан Коҳен ва Франсуа-Мишель Саада Ҳар Ҳаменуҳот қабристонида дафн этилдилар.

Маросимда қатнашган юзлаб одамлар орасида Исроил Бош Вазири Бенямин Нетаняҳу ҳам бор эди.

Қурбонларнинг ҳеч бири Исроил фуқароси бўлмаса-да, уларнинг оилалари Исроил ҳукуматининг қурбонларни Исроилда дафн этиш таклифини қабул қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002