Charlie Hebdo журналининг янги сони сотувга чиққан

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририятига ҳужум ва ходимларининг ўлимидан бир ҳафта ўтиб журналнинг янги сони савдога чиқарилган.

Журнал янги сонининг бош саҳифасидаги карикатура Муҳаммад Пайғамбарни акс эттирган.

Бош саҳифадаги суратда йиғлаётган Пайғамбарнинг "Мен Чарлиман" (Je suis Charlie) деган ёзувни ушлаб тургани тасвирланган.

Карикатура тепасида "Ҳаммаси кечирилди"(Tout est pardonné) деган ёзув бор.

Сатирик журналда бундан олдин Муҳаммад Пайғамбар ҳажвия қилингани таҳририятга ҳужумга сабаб бўлди деб ишонилади.

"Мен Чарлиман" деган ёзув отишмадан кейин бутун дунёда таҳририят билан бирдамликни изҳор этиш шиорига айланди.

Журналнинг янги сони уч миллион нусхада чоп этилган.

Бундан олдин Charlie Hebdo ҳафталиги 60 минг нусхада нашр қилинган.

Журнал олти тилда, шу жумладан, инглиз, араб ва турк тилларида нашр қилинган.

Франциядаги кўплаб нашрлар Charlie Hebdo янги сони бош саҳифасидаги карикатурани бундан олдин кўчириб босганлар.

Париждаги дўкондорлар одамлар журналнинг янги сонини олдиндан буюртма берганларини айтганлар.

Бир дўкон соҳиби сўзларига кўра, Charlie Hebdoнинг янги сони ярим соат ичида сотилиб кетган.

Charlie Hebdoнинг яна карикатура эълон қилиш қарори исломий жангариларнинг веб-сайтлари таҳдидига ва исломий дунёда танқидларга сабаб бўлди, дея хабар қилади Би-би-сининг Париждаги мухбири Крис Моррис.

Таҳририят ходимлари айтишича, журналнинг янги сонида 7 январ кунидаги таҳририятга ҳужумда ҳалок бўлган журналистлар ва карикатурачи рассомларнинг барча ижодий асарлари ўрин олган.

Charlie Hebdo ходимлари одамларни журналнинг янги сонини сотиб олиш билан Франциядаги сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашга чақирганлар.

Туркияда карикатуралар?

Айни пайтда Туркиянинг Жумҳурият рўзномаси "Чарли Эбдо"нинг янги сонидан тўрт саҳифалик бир парчани турк тилида нашр қилган.

Рўзнома таҳририяти бу парчани узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг, чоп этишга қарор қилганликларини айтган.

Жумҳурият рўзномаси ўз иловасида француз журнали муқовасидаги Муҳаммад Пайғамбар карикатурасини кўчириб босмаган, аммо унинг икки нафар колумнистлари карикатурага ҳам ўрин берганлар. Иловада шунингдек, Рим Папаси,олмон канцлери Ангела Меркел, Франция Президенти Олланд ҳам бор.

"Чарли Эбдо"нинг Муҳаммад Пайғамбар тасвирланган муқоваси нусҳасини рўзнома колумнистларидан Ҳикмат Четинқоя ва Жайда Қоранлар кўчириб босишган.

Рўзноманинг билдиришича, бугун эрталаб Жумҳурият рўзномасини босмахонадан олиб чиқаётган машиналарни Туркия полицияси тўхтатган ва карикатураларнинг асосий саҳифада чоп этилмаганини текширишган, шундан сўнггина уларни сотувга чиқарилишига изн берилган.

Туркия "Чарли Эбдо" карикатураларини кўчириб босган биринчи мусулмон давлат бўлган.

Айни пайтда Ямандаги Ал қоида "Чарли Эбдога уюштирилган ҳужум учун масъул эканини айтган.

Журнал саҳифаларида Ислом Пайғамбарининг ҳажв қилиниши 12 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумга сабаб бўлган, деб ишонилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ