"Исломий давлат" Россия фойдасига жосуслик қилганларни ўлдирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Исломий давлат" жангарилари Россия фойдасига жосуслик қилган икки эркакни ўлдираётгани акс этган видео интернет тармоқларида пайдо бўлган.

Видеодаги бу айблов "Исломий давлат" жангариси тилидан янграйди.

Ҳалокатли ўқ кўринишидан 14 ёшлардан кичик бола томонидан отилади. Айтилишича, қатлни ижро этган бу бола қозоғистонликдир.

Лекин видео тез орада YouTube тармоғидан олиб ташланган.

Видеолавҳада жангарилар томонидан ўлдирилган эркаклардан бири ўзини Қозоғистон фуқароси деб таништириб, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходими эканлигини айтади.

Славян исм-шарифлик иккинчиси киши эса ўзининг "саккиз ой ФСБда мусулмонларга қарши" ишлаганини таъкидлайди.

Уларнинг иккаласи ҳам ўзининг "бошлиқлари" номларини келтиришади.

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати бу вазиятни изоҳламаяпти.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Исломий Давлат интернетда эълон қилган видео тасвирни ўрганаётганини айтган. Кеча You Tube порталида пайдо бўлган видеода Сурияда икки шахснинг қатли қозоғистонлик деб ишонилган ёш бола тарафидан амалга оширилган. Қозоқ махсус хизматлари ҳозирча бу борада шарҳ беришдан тийилишини билдирди.

Россия ҳукумати маълумотлари бўйича, "Исломий давлат" сафларида 800 дан 1500 тагача Россия фуқаролари жанг қилмоқдалар.

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитаси вакилларига кўра, жорий пайтда "Қофқоз Амирлиги"ва "Ҳизб ут-Таҳрир" тарафдорлари "Исломий Давлат" сафларида ўзларининг жанговар салоҳиятларини оширишмоқда.

Россиялик масъулларнинг айтишларича, улардан бир қисми ортга "аниқ вазифа ва мақсад" билан қайтишади.

Агар, уларнинг сўзларига таянилса, фуқаролари интернет орқали исломий жангарилар сафларига ёлланишмоқда.

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитаси вакили Андрей Пржездомскийнинг маълум қилишича, интернетда экстремистик ғояларни тарғиб этиш билан шуғулланувчи 10000 га яқин портал бор.

Шимолий Қовқоздаги бир қанча жангари гуруҳлар "Исломий давлат" байроғи остига ўтганларини эълон қилганлар. Шу билан бирга, бошқа бир қанча гуруҳлар "Исломий давлат" билан алоқаларини узганлар.

Бундан олдин Исломий давлат таркибида марказий осиёлик фуқаролар ҳам борлиги ҳақида хабарлар чиққан. Уларнинг аксарияти Россияга меҳнат қилишга борган муҳожирлар экани, турли даъватларга алданиб ёки муҳтожликдан Туркия оркали Сурияга "Исломий давлат" гуруҳларига бориб қўшилганлари айтилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002