Арманистон: Россия аскари жинояти устидан тўқнашувлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Арманистоннинг Гумри шаҳрида бир оиланинг олти аъзосини ўлдиришда айбланаётган Россия аскарини топширишни талаб қилиб чиққан намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

Минглаб норози намойишчилар Россия консуллиги биносига киришга ҳаракат қилганлар.

Намойишчиларни тўхтатишга ҳаракат қилган полиция ходимларига қарата тошлар отилган.

Бунга жавобан полиция намойишчиларни тарқатиш воситалари, хусусан, шовқин гранаталарини ишга солган.

Тўқнашувлар оқибатида камида 12 киши яраланган.

Пойтахт Ереванда ҳам Гумри шаҳридаги намойишчиларга бирдамлик акцияси ташкил қилинган.

Ўнлаб намойишчилар ҳибсга олинган.

Арманистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Гумрида норозилик намойиши 15 январ куни дафн маросимидан кейин бошланган.

Гумрида Россия ҳарбий базаси жойлашган.

12 январ куни Гумри шаҳридаги Аветисян оиласининг олти аъзоси, шу жумладан, икки яшар қиз ҳам отиб ўлдирилган.

Арманистон полициясига кўра, оила аъзолари автомат қуролидан отиб ўлдирилган.

Арманистон-Туркия чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб қўлга олинган Россия 102-ҳарбий базаси аскари Валерий Пермяков қотилликни содир этганини бўйнига олган.

Россия расмийлари ушбу қотилликни тергов қилишга ваъда берганлар.

Бироқ Арманистон жамоатчилиги рус аскарини Арманистон ҳуқуқ-тартибот органларига топшириш талаби билан чиқмоқдалар.

Россия томони бу талабни рад этган.

Дафн маросимидан кейин тўпланганлар Валерий Пермяковни кўрсатишни талаб қилганлар.

Уларнинг айтишича, Россия расмийлари аскарни аллақачон Арманистондан олиб чиқиб кетганлар.

Бунинг ортидан тўқнашув рўй берган.

Гумри шаҳрилик Арманистон парламенти депутати Россия ҳарбий базаси ичига кириб чиққан ва Пермяков ҳали ҳам шу ерда эканлигини тасдиқлаган.

Ушбу ҳодиса Москванинг Қофқоздаги муҳим иттифоқчиси саналган Арманистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашишига сабаб бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer