Япония Яқин Шарққа 2.5млрд доллар ажратади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Япония Бош вазири Шинзо Абе Яқин Шарққа 2.5 миллиард долларлик ноҳарбий ёрдам беришга ваъда қилди.

Жаноб Абе Яқин Шарққа олти кунлик сафари ибтидосида Мисрга борган.

У шунингдек Иордания, Ливан, Исроил ва Фаластинда бўлади.

Шинзо Абенинг айтишича, Япония Исломий Давлат гуруҳига қарши жанг қилаётган мамлакатларга 200 миллион доллар ноҳарбий ёрдам ажратади.

Агар терроризм ёйилса, дунё зарар кўради, деб айтди Шинзо Абе.

Япония ишланмаган нефт импортида Яқин Шарққа қарамдир.

"Яқин Шарқда барқарорлик дунёда, шу жумладан Японияда тинчлик ва тараққиёт пойдеворидир," деди жаноб Абе Қоҳирада бўлиб ўтган Япония-Миср бизнес қўмитаси йиғинида.

Унинг айтишича, Япония минтақа инфратизилмасини ривожлантиришда инсонпарварлик ёрдамини беради.

Ушбу ёрдам барча минтақа давлатлари, жумладан Ироқ ва Сурияга берилади.