Киевдаги "Бирдамлик юриши"га минглаб одамлар тўпланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тадбирда Президент Петр Порошенко ва бош вазир Арсений Яценюк ҳам иштирок этган

Волноваха яқинида йўловчи автобуснинг ҳужумга дуч келиши оқибатида ҳалок бўлганларни хотирлаш ва террорчиликка қарши норозилик билдириш мақсадида Киевда ўтказилган "Бирдамлик юриши"га минглаб одамлар қатнашган.

Аввалига Тарас Шевченко истироҳат боғида марҳумлар хотирасига дуо қилинган. Тушга яқин минглаб юриш иштирокчилари Мустақиллик майдони томон йўл олишган.

Тадбирда Президент Петр Порошенко ва бош вазир Арсений Яценюк ҳам иштирок этган.

Матбуотнинг ёзишича, Майдонда сўзлаган Порошенко жаноблари Украина бўлгинчилар тарафидан ишғол қилинган Донецк ва Луганск вилоятлари қайта назорат остига олинишини таъкидлаган.

"Биз Украинанинг бир бўлагини ҳам бермаймиз! Биз Донбассни қайтариб оламиз!... Биз ғалаба қиламиз, Украинада тинчлик қарор топади. Босқинчилар Украина ҳудудидан қувиб чиқарилади", деб айтган Президент Порошенко.

Кейин юриш қатнашчилари олдида диний муассассалар вакиллари чиқиш қилишган.

Одамлар қўлларида Украина миллий байроқлари, террорчилик қораланган ёзувлар, шу билан бирга, жабрланган автобус йўловчилари хотирасига "Мен Волноваха" деб ёзилган плакатларни кўтариб олишган.

Маҳаллий вақт билан соат 14:00да Михайловск майдонида "Бирдамлик юриши" бошланган.

Шунингдек, украинлар якшанба куни қатор Оврўпо давлатлари, Америка ва Аргентинада ҳам худди шундай юриш ўтказишни режалашганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Одамлар қўлларида Украина миллий байроқлари, террорчилик қораланган ёзувлар, шу билан бирга, жабрланган автобус йўловчилари хотирасига "Мен Волноваха" деб ёзилган плакатларни кўтариб олишган.

Ўтган ҳафта Донецк вилоятининг Волноваха шаҳарчаси яқинидаги назорат нуқтаси артиллерия ҳужумига тутиларкан, 12 инсон нобуд бўлган ва 18 киши яраланганди.

Жаҳон ҳамжамияти Донецк вилоятида тинч аҳолининг ҳужумга тутилишини қоралаган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳодиса юзасидан холис текширув ўтказишга чақирган. Оврўпо Иттифоқи ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти эса, ҳар икки томонни сулҳ шартларига амал қилишга ундаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ