Грознийда Муҳаммад Пайғамбар карикатураларига қарши юриш ўтказилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Чеченистон пойтахтида душанба куни Муҳаммад пайғамбарга нисбатан чоп этилган карикатураларга қарши оммавий акция бўлиб ўтган. Чеченистон ҳукуматига кўра, тадбирда қарийб бир миллион инсон иштирок этган.

Би-би-си мухбири хабар беришича, эрталаб 10.00 га мўлжалланган юришга катта ҳозирлик кўрилган, намойишга кўринишидан 200-300 минг киши чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Грозний марказида тўпланадиган халқ бутун дунёга Ислом билан ҳазиллашишга, мусулмонларнинг туйғуларини ҳақорат қилишга йўл қўймасликларини кўрсатишади", дейди Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров.

Ўтган ҳафтада у "Шарли Ҳебдо журналининг ҳуқуқларини қувватлаш 1,5 млрд мусулмонларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш" эканини айтиб, бундайларини ўз шахсий душмани деб атади.

Бундан олдин Қодиров бутун дунёдаги журналистларни Париждаги ҳужумларга қаршилик маъносида Муҳаммад Пайғамбар карикатураларини босиб чиқаришга чақирган ЮКОСнинг собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийни ҳам "мусулмонларнинг душмани" деганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Рамзан Қодировнинг тадбирда қилган чиқиши бир неча марта йиғилганларнинг "Аллоҳу акбар" сўзлари билан бўлинган.

Оммавий юриш Грознийдаги Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги асосий майдонда бошланиб, жамоа намози билан якунланган.

Грозний шаҳридаги осмонўпар бинода "Биз пайғамбар Муҳаммадни севамиз" деган ёзувлар пайдо бўлган.

"Ислом терроризмга қарши" номли намойишлар шанба куни Ингушетияда ҳам бўлиб ўтган. Маълумотларга қараганда, унда 20 мингга яқин киши қатнашган.

Шунингдек, Ислом пайғамбарига нисбатан карикатураларга қарши ҳаракатлар Африканинг қатор мамлакатлари, жумладан, Мавритания, Жазоир, Мали, Сенегалда ўтказилган. Нигериядаги намойишлар чоғида насронийларнинг етти черковига ўт қўйилган.

Париждаги ҳодисалардан бир ҳафта ўтиб Рим Папаси Франциск ўзининг Осиё сафари чоғида мухбирларга "динларни таҳқирлаш масаласига келганда, сўз эркинлигида меъёр бўлиши керак" лигини таъкидлаганди.

"National Catholic Reporter"нинг хабар беришича, бу каби сўзларни Рим Папаси дин ва сўз эркинлигига оид ўзига берилган умумий бир саволга жавоб тариқасида баён қилган.

"Вашингтон Пост”га кўра, бу саволни берган мухбирнинг француз эканини билган Рим Папаси жавоби айнан ўтган ҳафта уюштирилган ҳужумни кўзда тутганига ҳам ишора этган.

"Юринг, Парижга борайлик. Келинг бу ҳақда очиқ сўзлайлик", - деган Рим Папаси Франциск.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон эса, демократик жамиятда матбуотнинг сўз эркинлиги устун бўлиб қолиши ва карикатураларни босиб чиқариш шу эркинликнинг кўриниши эканлигини таъкидлаган.

Огоҳлантирув

7 январда Парижда Charlie Hebdo журнали офисига ҳужум содир этилган. Қуролланган шахслар 12 кишини отиб, воқеа жойидан яширинганлар. Бир неча кунлик тўхтовсиз амалиётлар натижасида уч киши полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Ўтган якшанбада Франциянинг Париж ва бошқа шаҳарларида ҳужумларни қоралаб ўтказилган бирдамлик юришига уч миллиондан ортиқ киши қатнашган.

Юз берган фожеага қарамасдан журнал таҳририяти бош саҳифасида яна Муҳаммад пайғамбарга карикатурани чоп этган янги сонини чиқарганлар.

Роскомнадзор Россия оммавий ахборот воситаларини диний туйғуларни ҳақорат қиладиган суратларни босишдан тийилишга чақирган.

Франция журналининг номини эслатмасада, Роскомнадзор бу каби карикатуралар этник ва ахлоқий меъёрларга қарши эканидан огоҳлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ