Хитой чегарачилари икки уйғурни отиб ўлдирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитой ҳарбийлари Вьетнам билан чегарадан ўтишга уринган икки уйғурга қарши ўқ узганлар.

Расмийлар иддао қилишларича, уйғур миллатига мансуб шахслар биринчи бўлиб чегарачиларга пичоқ билан ҳамла қилган.

Яна бир уйғур қўшни шаҳарга қочгани хабар қилинади.

Хитой ҳукумати мусулмон уйғурлар ва хан вакиллари ўртасидаги зўравонликлар ортидан уйғурларнинг жанубий-шарқий Осиё мамлакатларига қочиб ўтишга уринишларини тўхтатмоқчи бўлади.

Расмий Пекин хавотирича, қочқинлар исломий экстремистлар сафига бориб қўшилишлари мумкин. Уйғурлар эса қувғинлардан қочишга мажбур бўлишларини айтадилар.

Кўп ҳолларда Хитой расмийлари тарқатадиган ва уйғурлар қораланган ҳодисалар талқини билан гувоҳларнинг кўрсатмалари фарқ қилади.

Сўнгги йилларда Шинжон Уйғуристонида зўравонликлар сони кўпайган.

Бунда расмий Пекин хориждаги экстремист гуруҳлардан илҳомланган уйғур бўлгинчиларини айблайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бироқ хориждаги уйғур фаолларига кўра, Хитой ҳукуматининг мусулмон уйғурларнинг дини, маданияти ва урф-одатларига қарши кучайтирган чора-тадбирлари оддий уйғурларда норозиликларни пайдо қилмоқда ва зўравонликларга мажбурламоқда.

2014 йилдаги Кунмин вокзали ва Шинжондаги қатор ҳалокатли ҳодисалар ортидан Хитой ҳукумати Шинжонда хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Расмий Пекин талқини бўйича "терроризмга қарши кураш бир йиллиги" бошланган.

Юзлаб уйғурлар ҳибсга олинган, ўнлаб кишилар ўлим қатл қилиндилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ