"Дунёнинг энг бой 1 фоиз аҳолиси ер куррасидаги барча аҳолидан бадавлатроқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дунёнинг энг бой 1 фоиз аҳолиси яқинда ер куррасидаги барча аҳолидан ҳам бадавлатроқ бўлади.

Британиядаги Oxfam хайрия ташкилоти ўтказган ўз тадқиқоти асосида ана шундай тўхтамга келган.

Oxfam тадқиқотида аниқланишича, жаҳондаги энг бадавлат бир фоиз одамлар ихтиёрида бўлган бойлик 2009 йилда 44 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 48 фоизга кўтарилган.

Агар шундай вазият давом этадиган бўлса, бир фоиз бойлар 2016 йилга бориб дунёнинг жами бойлигининг 50 фоизидан кўпроғи эгаси бўладилар.

Oxfam ташкилоти тадқиқоти натижаларининг эълон қилиниши 2015 йилги Давос Жаҳон Иқтисодий форуми бошланган пайтга тўғри келган.

Ҳар йили ўтказиладиган Давос форуми дунёнинг иқтисодий муаммоларини муҳокама қилиш мақсадида уюштирилади, бу форум бутун дунёдан сиёсатчилар ва бизнесменларни жалб қилади.

Бу йилги Давос форуми раисдошларидан бири Oxfam хайрия ташкилотининг ижрочи директори Винни Бияниймадир.

Давос форуми олдидан эълон қилган баёнотида Биянийма хоним ушбу тадбирда Oxfam ташкилотининг халқаро обрўсидан фойдаланиб иштирокчиларга мурожаат қилмоқчи эканини, бу мурожаатида дунёда бойлар билан камбағаллар ўртасида юзага келаётган фарқни камайтиришга чақирмоқчи эканини айтган.

Хайрия ташкилоти дунё ҳукуматларини одамлар ўртасида тенглик яратиш чораларини кўришга чақирган, ўзининг етти банддан иборат режасини таклиф қилган.

Ўтган йилги Давос форуми пайти ҳам Oxfam баёноти шов-шувга сабаб бўлган эди.

Oxfamга кўра, 2014 йил бошида жаҳоннинг 85 нафар энг бой одами ихтиёридаги бойлик ер юзидаги 50 фоиз камбағал аҳоли ёки 3 миллиард 500 миллион киши бойлигига тенг бўлган.

Хайрия ташкилоти бу йил 80 та бадавлат киши дунё ҳолисининг ярми бойлигига эгалик қилмоқда, демоқда.

Oxfam янги ҳисоботига кўра, дунёнинг 1 фоиздан қолган бойлигини эса, яъни 52 фоиз бойликни жаҳоннинг энг бой 20 фоиз аҳолиси назорат қилмоқда.

Тадқиқот АҚШ Президенти Барак Обаманинг ўрта табақа вакилларига ёрдам бериш учун бойларга нисбатан божларни оширишни талаб қилганидан бир кун ўтиб эълон қилинмоқда.

Октябр ойида Credit Suisse банк ширкатининг чиқарган ҳисоботига биноан, атиги 1 фоиз бойлар Ер юзидаги барча бойликка эгалик қиладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002