ХВЖ: жаҳонда иқтисодий ўсиш кутилганидан паст бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Халқаро Валюта Жамғармаси ўзининг глобал иқтисодий ўсиш билан боғлиқ башорат кўрсаткичларини пасайтирган.

2014 йилнинг октябрида жамғарма 2015 йилда жаҳон иқтисодиёти ўсиши 3,8 фоизни ташкил этади, дея башорат қилган эди.

Энди ХВЖнинг ҳисоб-китоб қилишича, ўсиш 3,5 фоиздан ошмайди.

Халқаро жамғарма 2016 йилдаги ўсиш прогнози кўрсаткичини ҳам туширган, бу рақам 3,7 фоиздан ошмайди, демоқда.

Ҳозир жаҳон бозорида нефт нархининг арзонлашиши кузатилмоқда, бу эса глобал иқтисод, дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисоди ўсиши учун яхши омил.

Шунга қарамасдан, Халқаро Валюта Жамғармаси ўз башорат кўрсаткичларини пасайтирган.

Жамғармага кўра, иқтисодий ўсишга салбий таъсир қиладиган омилларнинг сони кутилганидан ҳам кўп бўлади, сармоя ётқизиш сусаяди.

Иқтисодий ўсиш мўлжалдагидан камроқ бўлади, деган ёндашув мамлакатлар иқтисодиётларига ҳам, бизнесларга ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар бизнеслар суст иқтисодий ўсишни кутаётган бўлсалар, бу ўз товарлари ва маҳсулотларини сотиш имконияти камайишини ва бунинг ортидан, табиийки, сармоя ётқизиш ҳам пасайишини англатади.

Евро пул бирлиги ҳудудидаги вазиятни назар ташлар экан, ХВЖ бу мамлакатларда 2008 йилги глобал иқтисодий инқироздан кейинги ўзини ўнглаш жараёни яна давом этади, аммо бу кўрсаткич ҳам кутилганидан паст бўлади, дея прогноз берган.

Валюта жамғармасига кўра, Еврозонада 2015 йилда ўсиш 1,2 фоизни, 2016 йилда эса 1,4 фоизни ташкил этиши мумкин.

Ҳозир Евро ҳудудида дефляция кузатилмоқда, Оврўпо Марказий банки ўзи учун энг асосий вазифа нарх-наво пасайишини жиловлаш эканини айтган.

Хитойдаги иқтисодий сусайиш бундай прогнозларнинг факторларидан бири саналади. Сешанба кунги расмий маълумотлар кўрсатишича, Хитой ўтган йилда ўсиш 7,4 фоизгача секинлаган, 2013 йилда 7,7 фоиз пасайган. Таҳлилчиларга кўра, кейинги йилда Хитойда ўсиш 2010 йилгача бўлган кўрсаткичга таққослаганда 6,3 фоизни ташкил қилади.

Украина инқирози ва нефт нархининг жаҳон бозорида кескин тушиши Россия иқтисодига жиддий таъсир кўрсатиши, ЯИМ 2015 йилда 3 фоиз, кейинги йилда 1 фоизгача тушиши башорат қилинади ҳисоботда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ